Миллий озодлик курашчиси Ҳасанхон Ниёзий (+видео)
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида XX аср бошларидаги маърифатпарвар, жадид, шоир, педагог ва миллий озодлик курашчиси Ҳасанхон Ниёзий ҳақида маълумот берилади.
Ҳасанхон Ниёзий зиёли, педагог олим 1895 йилда Андижонда туғилган. Бобоси Муҳаммадхон Ниёз ўғли, отаси Матмуса (Муҳаммад Муса) асли Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидан бўлган. Онаси Ҳанифа отин зиёли аёллардан эди. Унинг Ҳусанхон ва Салимхон исмли укалари бўлган. У дастлаб эски мактабда, 1902–1912 йилларда мадрасада таълим олган. Сўнг 4 йил давомида рус-тузем мактабида ўқиган. Мусиқа ва расм чизишни мустақил ўрганган.
У 1917 йилдан “Шўрои Ислом”нинг Андижондаги фаолиятида иштирок этган. 1917–1927 йилларда диний соҳада фаолият юритган. Ҳасанхон Ниёзов 1919–1921 йиллари қуролли қаршилик ҳаракатининг фаолиятида иштирок этган, қўрбошиларни қўллаб-қувватлаган. Андижонда 1921 йилда “Миллий иттиҳод” ташкилотига раислик қилган. Бу ташкилот доирасида маърифатпарварлар билан яқин алоқада бўлган. Андижондаги мактабларда таълим берган. 1927 йил отаси вафот этгач, падари бузруквори ишини ўз зиммасига олган. 1932–1934 йилларда Андижон сув хўжалиги идорасида мироблик вазифасида ишлаган. 1934–1937 йилларда шаҳардаги 18-ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган ва айни вақтда ўқитувчилар тайёрлаш билим юртининг кечки бўлимида ўқиган. 1937 йил июль ойида қамоққа олинган.
Тоирахон Ғозихўжа қизи билан оила қурган. Уларнинг Одилхон, Басимахон, Ситорахон, Ноҳидхон исмли фарзандлари бўлган.
Ҳасанхон Ниёзи биринчи бор 1931 йили ДСБ органлари томонидан ҳибсга олинган, 5 кун турмада сақланган. 1931 йил “аксилинқилобчи” арбоблардан Мусо Нурулло ҳожининг муҳожирликка чиқиб кетишига ёрдамлашганликда, япон фашистларини мақтаб, “Мусулмонобод” давлат тузиш ғоясини тарғиб этганликда айбланган.
1937 йил 2 июльда Ички Ишлар Халқ комиссарлиги томонидан “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзоси сифатида ҳибсга олинади ва 1937 йилнинг ноябрида отувга ҳукм қилинган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/W3OWZgc9Lps" title="Milliy ozodlik kurashchisi Hasanxon Niyoziy" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА