Қайта тикланган макон: Ҳатайда “Ўзбекистон” маҳалласининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Туркия Республикаси Ҳатай вилоятига амалий ташрифи доирасида Ҳатайнинг Арсуз туманида барпо этилган “Ўзбекистон” маҳалласининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон делегацияси вакиллари, Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш, Ҳатай вилояти ҳокими Мустафа Масатли, Туркия парламенти вакиллари, Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси мутасаддилари ҳамда маҳаллий аҳоли, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маълумки, 2023 йил февраль ойида Туркиянинг бир қатор ҳудудларида вайронкор зилзила содир бўлиб, кўплаб талафотларни юзага келтирган эди. Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсата бошлади. Қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб борди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилди. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди.
Бугунги кунда Туркияда зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон томонидан ҳам қисқа муддатларда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида, Ўрта ер денгизи соҳилида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан иборат замонавий турар жой мажмуаси барпо этилди. Барча зарур инфратузилмага эга ушбу мажмуа ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунаси бўлди. Дўстлик ва бирдамлик, қардошлик ва ҳамжиҳатликнинг амалдаги ифодасига айланган мазкур манзилда Самарқанд, Тошкент номи билан аталувчи кўчалар, Бухоро жоме масжиди, Президентимиз Шавкат Мирзиёев номи билан аталувчи булвар, Ўзбекистон Республикаси дўстлик боғи, ўзбекона тандиру ўчоқлар билан жиҳозланган маҳалла ошхонаси, болалар учун ўйингоҳ ва майдончалар икки халқнинг муштарак бўлган қадриятларини, тарихини, бетакрор маданиятини, ижтимоий муҳитини ўзида жам қилган.
Тантанали маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ҳамда Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш ва бошқалар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсати натижасида муносабатларимиз янги босқичга чиққани ва тобора кенгайиб бораётганини алоҳида қайд этди.
Хусусан, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, парламент дипломатияси, транспорт, энергетика, маданият, гуманитар соҳа ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликлар юқори поғонага кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил январь ойида Анқара шаҳрига расмий ташрифи ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлади. Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш ўз сўзида Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, юртимизнинг ислом дунёсидаги ўрнини алоҳида эътироф этди:
– Ўзбекистон исломнинг учинчи энг катта маданиятини дунёга кўрсатмоқда. Шунинг учун Имом Бухорий зиёратгоҳининг янгидан барпо этилиши, Тошкентда катта бир маданий манзил —Ислом цивилизация маркази ташкил этилиши илгарига кетаётган қадамларнинг жарангдор овозини билдиради. Туркия «Янги Ўзбекистон» тарихи билан боғлиқ улкан меросни алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистон янги Ренессансга чиққанлиги билан чин қалбимдан табриклайман ва ушбу қардош давлатга фақат омадлар тилайман, — деди Нуман Куртулмуш.
Тадбирда вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлгани, ана шундай оғир кунларда Ўзбекистон энг биринчилардан бўлиб ёрдамга келгани, қўллаб-қувватлагани алоҳида таъкидланди. Икки қардош халқ ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик бардавом бўлиши, келажак авлодларимиз мисолида давом этиши қайд этилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон санъат усталари томонидан байрамона концерт дастури тақдим этилгани маҳаллий аҳолига кўтаринки кайфият бағишлади.
[gallery-29945]
Шунингдек, делегация вакиллари маҳалла ҳудудидаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Аҳоли хонадонларида бўлиб, уларга яратилган шароитлар билан танишилди, суҳбатлашилди. Мулоқотлар давомида ҳатайликлар Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига миннатдорлик билдириб, қардош ўзбек халқидан мамнунлигини эътироф этди.
Муҳтарама Комилова, Шавкат Тоҳиров (сурат), ЎзА