Миллатлараро тотувлик сиёсати юксак самара бермоқда
30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Гулистон шаҳрида ўтказилган маданий-маърифий тадбир турли миллат ва элат вакилларини ягона саҳна атрофида жамлади. Миллий куй-қўшиқлар, рақслар ва фольклор чиқишлари орқали бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик ғоялари яна бир бор юксак руҳда тараннум этилди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими, Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими ҳамда миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда турли миллат ва элат вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ, Сирдарё вилоятида эса 70 дан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаб, Ватан тараққиёти йўлида елкама-елка меҳнат қилмоқда. Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир миллатнинг тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлашга қаратилган изчил давлат сиёсати бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Президент ташаббуси билан 2021 йилдан буён 30 июль мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Шу муносабат билан ўтказилаётган Дўстлик ҳафталиги доирасида миллий маданий марказлар иштирокида фестиваллар, миллий либослар ва миллий таомлар кўргазмалари, ижодий учрашувлар, концерт дастурлари ҳамда маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Гулистондаги байрам ҳам ана шу эзгу анъананинг муносиб давоми бўлди. Байрамона безатилган саҳнада Янгиер шаҳар маданият бўлими қошидаги «Юлдузча» рақс ансамблининг «Калинка» рақси, «Жан-Жанай» қирғиз фольклор ансамбли, «Сайхун йигитлари» ва «Олтин мерос» фольклор жамоалари, «Гунеш» турк эстрада ансамбли, «Ёшлик» ашула ва рақс ансамбли, «Ниҳол» болалар рақс ансамбли, аскиячилар ҳамда бошқа ижодий жамоаларнинг чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Шунингдек, Сабоҳат Туркманова ижросидаги «Мавриги», Атахон Мужеррамов куйлаган озарбайжон халқ қўшиғи, хонанда Дилмурод Саидбековнинг «Санам» қўшиғи ҳамда Гулистон шаҳридаги 2-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби рақс жамоасининг чиқишлари концерт дастурига алоҳида файз бағишлади.
[gallery-30648]
Тадбирда иштирок этган Қонунчилик палатаси депутати, Қирғиз миллий маданий маркази Сирдарё вилояти бўлими раиси Нодира Жонибекова мамлакатимизда амалга оширилаётган миллатлараро тотувлик ва яхши қўшничилик сиёсати барча миллат ва элат вакилларини эзгу мақсадлар атрофида бирлаштираётганини таъкидлади.
— Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиладек аҳил яшамоқда. Сирдарёда ҳам турли миллат вакиллари қувончли кунларни бирга нишонлайди, оғир дамларда эса бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган миллатлараро тотувлик ва яхши қўшничилик сиёсати нафақат мамлакатимиз ичида, балки ташқи муносабатларда ҳам юксак самара бермоқда.
Яқинда давлатимиз раҳбарининг Қозоғистон ва Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифлари, хусусан, Қирғизистон билан Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши, Давлатлараро кенгашни тузиш бўйича келишув ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги лойиҳалар халқларимиз ўртасидаги ишонч ва дўстлик тобора мустаҳкамланаётганининг амалий ифодасидир.
Энг муҳими, бугунги байрам барчамизни ягона мақсад — юртимиз тинчлиги ва тараққиёти йўлида янада жипслаштирмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларини Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Юртимизда тинчлик, аҳиллик ва миллатлараро тотувлик абадий барқарор бўлсин, — деди Нодира Жонибекова.
Озарбайжон миллий маданий маркази Сирдарё вилояти бўлими раиси Азиз оға Байрамов мамлакатимизда турли миллат вакиллари учун яратилган имкониятларни юксак баҳолади.
— Бугун Сирдарё вилоятида қарийб уч минг нафар озарбайжон миллати вакили тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Миллий тилимиз, маданиятимиз ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, эркин ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Бунинг учун кўп миллатли Ўзбекистон халқига ва мамлакатимиз раҳбарига самимий миннатдорчилик билдирамиз. Ана шундай байрамлар халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди, — деди Азиз оға Байрамов.
Тадбир давомида бир саҳнада турли миллатларнинг куй-қўшиқлари, миллий рақслари ва маданий анъаналари намойиш этилди. Бу нафақат санъат байрами, балки Янги Ўзбекистонда қарор топган бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик сиёсатининг ёрқин ифодаси сифатида иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.
Халқлар дўстлиги кунига бағишланган ушбу байрам яна бир бор шуни тасдиқладики, миллатлар хилма-хиллиги, мамлакатимизнинг бебаҳо бойлиги, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам таянчидир. Санъат тилида тараннум этилган эзгу ғоялар иштирокчилар қалбида Ватанга муҳаббат, инсон қадри ва ўзаро ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА