Дўстлик ва бирдамлик — миллий бойлигимиз
ФОТОРЕПОРТАЖ
30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Наманган вилоятида миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик ғояларини тарғиб этишга қаратилган маданий тадбир ташкил этилди.
Давлатобод туманидаги «Афсоналар водийси» тематик паркида ўтказилган гала-концертда вилоятда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар вакиллари, санъаткорлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
[gallery-30651]
Тадбирни Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни Халқлар дўстлиги куни билан табриклади. У мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили эканини таъкидлади.
Тадбир давомида вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшиб келаётган рус, корейс, қирғиз ва тожик миллий маданий марказлари раҳбарлари ҳамда фаолларига Наманган вилояти ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Фестивалнинг бадиий қисмида турли миллат вакиллари миллий куй-қўшиқлар, рақслар ва саҳна чиқишлари билан иштирок этиб, халқлар дўстлиги, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ғояларини тараннум этдилар.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — асрлар давомида бир заминда аҳил-иноқ яшаб келаётган миллатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини ёш авлодга етказиш, уларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА