МИБ: сохта пуллар ва сифатсиз маҳсулотлар йўқ қилинди
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан қонунбузарликлага барҳам бериш, суд қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда муомалада сохта пуллар тарқалиши ва юртимизда сифатсиз маҳсулотлар муомаласининг олдини олишга қаратилган изчил ишлар давом эттирилмоқда.
Жумладан, яқинда Бюронинг вилоят бошқармаси ходимлари суд қарори ижроси доирасида ашёвий далил сифатида сақланаётган 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги сохта пулларни белгиланган тартибда йўқ қилди.

Маълум бўлишича, мазкур сохта пулларни 2025 йил август ойида ҳуқуқбузарлар томонидан муомалага киритишга уриниш вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тарафидан аниқланиб, далил сифатида олинган.
Мажбурй ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси инспектори Шуҳрат Фарходовнинг таъкидлашича, тергов ва суд жараёнлари якунлангач, суд қарорига кўра, ушбу ашёвий далиллар — сохта пуллар ёқиш йўли орқали йўқ қилинди. Мазкур жараён қонунчилик талабларига мувофиқ тарзда, масъул идоралар ва мутасадди ходимлар иштирокида амалга оширилди.

Бундан ташқари, МИБ Наманган шаҳар бўлими иш юритувидаги ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган махсус тадбирда ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган ва суд қарорига асосан катта миқдордаги ноқонуний маҳсулотлар йўқ қилинди. Унда 18 мингдан ортиқ алкоголь маҳсулотлари ҳамда 1050 қути тамаки маҳсулотлари тўкиш ва ёқиш орқали бартараф этилди.
Аниқланишича, бу маҳсулотлар Поп туманидаги тегишли масъулияти чекланган жамият омборхонасида санитария талабларига зид равишда сақланган ва сотиш учун тайёрланган. Ушбу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Наманган вилоят бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилган.

Йўқ қилиш жараёни тегишли органлар вакиллари иштирокида ўтказилиб, умумий қиймати 593 миллион сўмлик алкоголь маҳсулотлари йўқ қилинди.
Қайд этиш лозимки, бундай тадбирлар аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва ноқонуний айланманинг олдини олишга хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА