Мерцнинг жиддий режаси: солиқ камаяди, пенсия тизими ўзгаради
Германия Канцлери Фридрих Мерц раҳбарлигидаги ҳукумат мамлакат иқтисодиётини жонлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳот дастурини тақдим этди. Етти соатлик музокарадан сўнг CDU, CSU ва SPD партиялари солиқ сиёсати, меҳнат бозори ҳамда пенсия тизимини қамраб олган 34 бандли чора-тадбирлар бўйича келишувга эришди.
Янги пакетга кўра, паст ва ўрта даромадли оилалар учун солиқ юки камайтирилади. Ҳисоб-китобга кўра, шу тариқа бир оила йиллик даромаддан ўртача 600 евро орттиришига эришилади. Шу билан бирга юқори даромад эгалари учун босқичма-босқич солиқ тизими жорий этилади: йиллик даромади 250 000 евродан ошадиганлар 45, 280 000 евродан кўп фойда олувчилар эса 47 фоиз ставка бўйича солиқ тўлайди.
Меҳнат муносабатида ҳам муҳим ўзгариш бўлиши кутиляпти. Муддатли меҳнат шартномасини қўллаш имконияти кенгайтирилади, якшанба кунлари қўшимча савдо фаолиятига рухсат берилади. Шунингдек, касаллик варақаси олиш тартиби қатъий тизимга солиниб, ходим ишга чиқмаган биринчи кунданоқ шифокор маълумотномаси тақдим этилиши талаб этилади.

Ислоҳотнинг яна бир муҳим жиҳати пенсия тизимига тааллуқли. Ҳукумат нафақа тизими барқарорлигини таъминлаш учун пенсия ёшини аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигига мос равишда босқичма-босқич оширишни режалаштирган.
Расмий Берлин фикрича, мазкур чоралар иқтисодиёт ўсишни рағбатлантириб, давлат харажатини тизимлаштириш ва сўнгги ойларда рейтингларда етакчилик қилаётган ўнг қанот AfD партияси таъсирини камайтиришга хизмат қилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА