Меҳр-саховат ва инсон қадри улуғланган юрт
Юртимизда Қурбон ҳайити азалдан меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик тимсоли сифатида қадрланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бу муқаддас айём нафақат диний байрам, балки аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини улуғлаш ва эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатишнинг муҳим институтига айланиб бормоқда.
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 22 май куни қабул қилинган “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарор айни шу эзгу мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Навоий вилоятида ҳам ушбу қарор ижроси доирасида жойларда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, оғир касалликка чалинган болаларни соғлом ҳаётга қайтариш, ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган болалар аниқланиб, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди.

– Бугунги кунда вилоят бўйича 139 нафар бола рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг аксариятига бепул тиббий хизмат кўрсатиш чоралари белгиланган, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фаррух Бафоев. – Шундан 92 нафари консерватив ва 47 нафари оператив даволаниши кўзда тутилган. Меҳр-мурувват карвони ўз ҳаракатини вилоят бўйлаб тўхтатгани йўқ. Ваучерлар аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб Республикамиздаги барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида фойдаланиш учун ўз эгаларига етказилмоқда.

Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “инсон қадри учун” тамойили бугун амалда ўз ифодасини топмоқда. Илгари маблағ етишмаслиги сабабли даволаниш имконига эга бўлмаган кўплаб болалар эндиликда замонавий тиббий хизматдан бепул фойдаланмоқда.

– Қизим Садия Авазова 2,5 ёшда. Иккала қўл ва оёқ бармоқларининг ривожланишдан ортда қолиши хавотиримизни йил сайин ошириб келарди, – дейди Нигора Исаева. – Байрам арафасида берилган ваучер орқали эндиликда қизим замонавий тиббий технологиялар ёрдамида, малакали ортопед ва травматологлар назоратида бепул ва сифатли даволаниш ҳамда жарроҳлик амалиётини ўташ имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, Нурота тумани Нуробод маҳалласида истиқомат қилувчи Феруза Зикриёеванинг фарзанди Умарбекка ҳам махсус ваучер ажратилди. Қовоқ чурраси ташхиси билан рўйхатга олинган болажон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида муваффақиятли жарроҳлик амалиётини ўтказди. Бу эса тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон тақдирида нақадар муҳим ўрин тутаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Бугун мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, “хонадонбай” тизими асосида аҳоли муаммоларини ўрганиш амалиёти орқали тиббий ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга манзилли кўмак кўрсатилмоқда. Бу ёндашув инсонни рози қилиш, унинг дардига қулоқ тутиш ва муаммосини жойида ҳал этишдек эзгу тамойилларни мустаҳкамламоқда.
Хатирчи туманида ҳам меҳр-мурувват тадбирлари доирасида 11 нафар бемор болага жарроҳлик амалиётлари учун ваучерлар топширилди. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва ёлғиз яшовчи 1915 нафар оилага 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бу ишлар халқимизга хос бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтирмоқда.
Энг муҳими, бу каби хайрли тадбирлар инсонларда эртанги кунга ишонч уйғотмоқда. Қурбон ҳайити арафасида амалга оширилган бундай эзгу ишлар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик қадриятларининг ёрқин ифодаси бўлиб, юртимизда инсон қадри улуғланаётганининг яна бир амалий тасдиғидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири