Меҳнатда тобланган инсонлар эътирофи (+видео)
Юрт учун, халқ учун қилинган астойдил меҳнат доимо эъзозланиб келинган. Ана шундай ҳурматга сазовор бўлган инсонларнинг бир гуруҳига турли даражадаги "Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали топширилди.
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгаши қарори билан мамлакатимиз тараққиёти, юрт равнақи, жамиятимиз ривожи йўлида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ва ҳозир ҳам жамоатчилик ишларида, ёшлар тарбиясида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ юртдошларимизга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур саройнинг байрамона руҳда безатилган фоесида фахрийлар ўзбекона лутф билан, миллий куй наволари садоси остида тантанали кутиб олинди. Зеро, кўкрак нишони соҳибларининг ҳар бири ана шундай ҳурмат ва эътиборга лойиқдир. Тадбир бошланишидан олдин “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев нуронийлар шаънига илиқ сўзлар айтиб, ушбу мукофот билан уларни самимий табриклади. Шундан сўнг фахрийларнинг ижтимоий фаолиятига оид видеоролик намойиш этилди.
Бу йил тавсия этилган ҳар бир номзоднинг ижтимоий-сиёсий ва жамоатчилик фаолияти комиссия аъзолари томонидан холислик, шаффофлик ва адолат мезонлари асосида кўриб чиқилди. Жорий йил мамлакатимиз бўйлаб 1016 нафар нуроний ушбу мукофот соҳиби бўлди.
Тақдирлаш маросимида турли соҳа вакиллари эътироф этилди. Улар орасида фан докторлари, профессорлар, халқ санъаткори ёки таниқли ёзувчилар, академиклар ва ўз умрини бирор бир касбга бағишлаб, устоз деган улуғ номга сазовор бўлган инсонлар. Хуллас, барчаси фахрий бўлишга лойиқ инсонлардир.
Тақдирлаш маросимида мамлакатимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан янги куй-қўшиқлар куйланди, бир-биридан гўзал рақслар тадбирга ўзгача файз бағишлаб, иштирокчиларга завқу-шавқ улашди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/t6XxPIbkbmc" title="Mehnatda toblangan insonlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Искандар Исматов, ЎзА