Президент эътироф этган Наманган тажрибаси нимаси билан аҳамиятли?
Мамлакатимиз етакчиси қайд этганидек, афсуски, жойлардаги ўрганишлар ёшлар ўртасида муаммоларни аниқлаш ва тизимли ҳал этиш борасида ҳалигача кўплаб камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Айни шу муаммонинг ечими сифатида Наманган вилоятида мазкур соҳага бевосита масъул ҳисобланган Давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ташаббуси билан янги тажриба йўлга қўйилди.
Ёшлар – миллатнинг нафақат бугуни, балки эртасини белгилайдиган куч. Шу боис юртимизда навқирон авлодга бўлган эътибор йилдан йилга чуқурлашиб, янги мазмун касб этиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу ва интилишларини рўёбга чиқаришни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олганмиз. Бугун эса, бу йўналишда сифат жиҳатидан янги – илмга таянган ёндашув шаклланмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир соҳадаги муаммони илмий асосда ҳал этишни, ёшлар масаласида эса етакчи олимлар тажрибасига таянишни давр талаби сифатида олдинга сурмоқда. Зеро, дунёда кун сайин ёшлар онгини эгаллаш бўйича янги таҳдидлар юзага келаётган шароитда барча даражадаги раҳбарлар ёшлар билан ишлаш бўйича янги иш тизимига ўтиши зарур.
Мамлакатимиз етакчиси қайд этганидек, афсуски, жойлардаги ўрганишлар ёшлар ўртасида муаммоларни аниқлаш ва тизимли ҳал этиш борасида ҳалигача кўплаб камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Айни шу муаммонинг ечими сифатида Наманган вилоятида мазкур соҳага бевосита масъул ҳисобланган Давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ташаббуси билан янги тажриба йўлга қўйилди. Шу йил 23 июнь куни мамлакатимиз раҳбарининг Наманганга ташрифи чоғида ёшлар билан ишлашнинг ушбу янги тизими билан танишди ва уни келгусида янада кенгайтириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Наманган давлат университети қошида “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиш маркази” иш бошлади. Бунинг учун тажрибали мутахассислар – сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, психолог ва социологлар жалб этилди. Марказ ёшлар муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича илмий асосланган таклиф-тавсиялар ишлаб чиқувчи илмий-амалий тузилма сифатида фаолият юритади.
Марказнинг вазифалари кенг қамровли бўлиб, ёшларга оид давлат сиёсати ижросини мониторинг қилиш, муаммоларни жойига бориб аниқлаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, норматив ҳужжатлар ва давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлашда қатнашиш, ёшлар дуч келаётган таҳдидлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик сабабларини аниқлашга қаратилган социологик сўровлар ўтказишдан иборат.
Марказ томонидан Уйчи туманидаги 53 маҳаллада тадқиқот ўтказилиб, 1 минг 200 дан ортиқ ёшлар ўртасида сўровнома, 500 нафардан зиёд ёш билан оғзаки интервью олинди. Тумандаги 100 объектнинг ёшлар манфаатига хизмат қилиш самарадорлиги таҳлил қилинди. Натижада, юздан ортиқ долзарб муаммо аниқланиб, ҳар бири бўйича аниқ ечим таклиф этилди ва ижрога йўналтирилди.
Бугун ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу маънода, марказимиз амалий таклифлар ишлаб чиқди. Жумладан, Қумтепа, Файзобод ва Жийдакапа маҳаллаларида норасмий банд бўлган 600 ҳунарманд ёшни касбга ўқитиб, малакали мутахассис сифатида тайёрлаш ва даромадини ошириш мумкинлиги асосланди.
Яна бир таклиф туманда норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ёшлар учун барқарор даромадга эга бўлмаган, лекин норасмий банд ёшлар мақомини жорий этиш бўлди. Бунинг доирасида уларнинг меҳнати соддалаштирилган тартибда расмий ҳисобга олинади ва меҳнат дафтарчаси юритилади. Натижада, туманда 500 дан зиёд ёшларнинг расмий бандлиги таъминланади, норасмий бандлик улуши камаяди, уларнинг меҳнат стажи шаклланиб, ижтимоий ҳимоя қамрови кенгаяди, яширин иқтисодиёт эса тораяди.
Тадқиқот жараёнида Уйчи туманида иқтидорли ва истеъдодли ёшлар кўплиги, аммо уларни ўсиб келаётган авлодга намуна сифатида кўрсатиш механизми йўқлиги аниқланди. Шу боис ҳар бир маҳаллада турли соҳада ютуққа эришган ўғил-қизлардан қаҳрамонни аниқлаш ва тарғиб қилиш тизими таклиф этилди. Пировардида, маҳаллаларда 150 нафардан ортиқ янги истеъдод ва лидер таркиби шаклланди. Бу ёшлар ўртасида ижобий намуна муҳитини, турткини, соғлом рақобат ва ўз устида ишлаш руҳини кучайтирмоқда, салбий таъсирларни эса камайтирмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллалардаги бўш ва самарасиз фойдаланилаётган биноларни давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериш, ёшларнинг спорт турларига бўлган қизиқишидан келиб чиқиб, селекционер-мураббийларни манзилли бириктириш, спорт иншооти йўқ маҳаллаларда ёшлар учун зарур инфратузилмани ҳозирлаш, ёшларнинг касбий компетентлиги ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида умумтаълим мактабларида касбга йўналтириш тизимини кенгайтириш каби амалий таклифлар ишлаб чиқдик.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш алоҳида эътибор талаб этадиган масала. Зеро, аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак. Ушбу йўналишда сайёр судлар амалиётини кенгайтириш, хулқ-атворида салбий ўзгариш кузатилаётган ёшлар билан профилактик ишларни кучайтириш ва уларнинг жазони ижро этиш муассасаларига сайёр ташрифларини ташкил этиш, Наманган вилояти мусиқали ва драма театрининг сайёр спектаклларини маҳалла ва таълим муассасаларида намойиш этиш орқали ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ёт ғоялардан асраш таклифлари илгари сурилди.
Таъкидлаш жоизки, “Ёшлар куни” муносабати билан Президентимиз ёш авлод вакиллари билан мулоқотида муҳим фикрни алоҳида қайд этди: “Бугунги куннинг муваффақият формуласи, эртанги тараққиётнинг мустаҳкам замини учта энг муҳим устунга таянади. Бу – билим, касб ва технология!”.
Демак, Давлат хавфсизлиги хизмати Наманган вилояти бошқармаси томонидан татбиқ этилаётган бу тажриба айни шу формуланинг амалда қандай ишлашини кўрсатиб турибди: ёшлар муаммосига илмий нигоҳ, аниқ рақам ва амалий ечим. Бу нафақат бир туман ёки вилоят, балки бутун мамлакат миқёсида татбиқ этишга арзийдиган тажриба.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети қошидаги
“Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиш маркази” раҳбари,
сиёсий фанлар доктори, профессор, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА