Меҳнат ярмаркаси 3000 нафар ёшга имконият эшикларини очди
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида “Меҳнат ярмаркаси-2026” бўлиб ўтди. Мазкур анъанавий тадбир талабалар ва битирувчилар учун ҳақиқий иш бозорига чиқиш имконини берувчи муҳим майдон ҳисобланади.
16-марта ташкил этилган анжуманда 3000 нафарга яқин ўғил-қиз 150 дан зиёд иш берувчи – йирик компаниялар, банклар, давлат муассасалари, агентликлар ҳамда халқаро ташкилотлар масъуллари билан мулоқот қилиш имконига эга бўлди.
Таъкидлаш жоиз, ёшлар бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётган мазкур олий ўқув маскани таълим ва меҳнат бозори ўртасида кўприк вазифасини бажармоқда. Юртимизда айниқса иқтисодиёт, молия, ахборот технологиялари, ҳуқуқшунослик, маркетинг, аудит ва банк соҳалари бўйича ёш мутахассисларга талаб юқори.
[gallery-28923]
Универститет ҳузуридаги “Карьерани ривожлантириш ва битирувчилар билан ишлаш” маркази талабаларни ўқиш давриданоқ иш бозорига тайёрлаш, етакчи иш берувчилар билан алоқа йўлга қўйиш, амалиёт имкониятини кенгайтиришга ҳаракат қилади. Маълумотга кўра, мазкур таълим маскани битирувчиларининг 97 фоизи ўқишни тугатгач, олти ой ичида ишга жойлашади. Қолган қисми эса таълимни магистратура босқичида давом эттиради.
“Меҳнат ярмаркаси” нафақат иш топиш имконияти, балки ёшлар учун ўзини намоён этиш, касбий йўналишни белгилаш ва иш берувчи билан бевосита алоқа ўрнатиш майдони сифатида ҳам аҳамиятли. Бундай ташаббуслар Янги Ўзбекистонда инсон капитали ва иқтисодий тараққиётни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Мусулмон Зиё, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА