Меҳнат муносабатларида хавфсиз ва ҳурматга асосланган муҳит
Бугунги кунда меҳнат муносабатларида инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ҳар бир ходим учун хавфсиз иш муҳитини яратиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Зеро, ходим ўзини ҳимояланган ва қадрланган ҳис қилган жамоада меҳнат самарадорлиги ҳам, ўзаро ишонч ва масъулият ҳам мустаҳкамланади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар доирасида меҳнат соҳасида ҳам хавфсиз, адолатли ва ҳурматга асосланган муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш, муаммоларга ўз вақтида муносабат билдириш ва мутахассисларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Бухорода “Давлат меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш ҳамда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида вилоят тренерлари учун махсус ўқув курси бўлиб ўтмоқда. Машғулотларда 52 нафар тренер қатнашмоқда..
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 сентябрдаги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 28 сентябрдаги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган тадбир Бошқарув самарадорлиги агентлигининг вилоят филиали ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Унда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунослар, психологлар ва ижтимоий фанлар мутахассислари қатнашяпти.
Мазкур ўқув курсининг аҳамияти шундаки, унинг натижаси фақат иштирокчиларнинг билимларини ошириш билан чекланмайди. Асосий мақсад — олинган билимларни жойларда амалиётга татбиқ этиш, ташкилот ва корхоналарда тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қодир мутахассислар тизимини шакллантиришдир.

Ўқув дастуридан меҳнат муносабатларида тазйиқ ва зўравонликнинг моҳияти, уларнинг ҳуқуқий асослари, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби, жабрланган шахслар билан тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда тренерлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган мавзулар ўрин олган. Назарий билимлар кейс-таҳлиллар, ролли ўйинлар, амалий вазиятлар ва мустақил микродarsлар орқали мустаҳкамланмоқда.
Бу ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, тазйиқ ёки зўравонликка дуч келган шахснинг мурожаатини шунчаки қабул қилишнинг ўзи етарли эмас. Ҳолатни тўғри баҳолаш, мурожаат этувчи билан эҳтиёткор ва ҳурматли муносабатда бўлиш, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда белгиланган тартибда чора кўриш ҳам мутахассислардан юксак касбий тайёргарликни талаб этади.
Тренинг якунида иштирокчилар ўз ташкилотларида мустақил равишда ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказишга тайёр бўлади. 2026 йил ноябрь–декабрь ойларида улар вилоятдаги давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда, биринчи навбатда, кадрлар хизмати ходимлари учун машғулотлар олиб боради.

Шу тариқа, қисқа муддатли ўқув курси орқали эгалланган билимларни кенгроқ амалиётга татбиқ этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш ва жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган. Энг муҳими, меҳнат жамоаларида инсон қадрини устувор билиш, ҳар бир ходимнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва тазйиқ ҳамда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга хизмат қиладиган тизимни мустаҳкамлашдир.
Маълумот учун шуни айтиб ўтиш лозимки, миллий дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) томонидан Буюк Британия ҳукумати ҳамда Осиё тараққиёт банки кўмагида амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири