Меҳнат миграциясида янги босқич: мақсад — муносиб иш, юқори даромад ва инсон қадри
Дунё меҳнат бозорида бугун миллионлаб иш ўринлари учун рақобат кечмоқда. Бироқ, бу рақобатда фақат ишлаш истаги ёки жисмоний меҳнатга тайёрликнинг ўзи кифоя қилмайди. Замонавий иш берувчи тил биладиган, касбий малакага эга, халқаро стандартлар асосида ишлай оладиган мутахассисни танлайди.
Бугун дунёда 168 миллион киши хорижий меҳнат миграциясида иштирок этаётгани бу жараённинг глобал иқтисодиётдаги ўрнини яққол кўрсатади. Ўзбекистон учун ҳам мазкур жараён янги имкониятлар билан бирга катта масъулиятни юзага келтирмоқда. Зеро, мақсад фуқароларни шунчаки хорижга ишлаш учун юбориш эмас, балки уларни талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш, тил ўргатиш, малакасини халқаро даражада тасдиқлаш ва муносиб иш ўрнига жойлаштиришдан иборат.
Айнан шу нуқтаи назардан мамлакатимизда меҳнат миграциясини ташкил этишнинг янги тизими шаклланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги «Intil» халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази фаолияти билан танишиши ҳамда меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказиши ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг устувор мақсадларини белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёшларимизни хорижга оддий ишчи эмас, малакали мутахассис сифатида юбориш керак. Бу фикр янги миграция сиёсатининг асосий мазмунини ифодалайди. Чунки бугунги вазифа меҳнат ресурсларини ташқи бозорга чиқариш билангина чекланмайди. Гап миллий кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўланишига эришиш ва ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳақида бормоқда.
Миграцияда янги мезон: ишчи кучини эмас, малакали мутахассисни тайёрлаш
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг тартибли меҳнат миграцияси бўйича халқаро ҳамкорлик географияси сезиларли даражада кенгайди. Илгари бу йўналишда атиги учта давлат билан ҳамкорлик қилинган бўлса, бугун уларнинг сони 27 тага етди. Қарийб 400 та йирик хорижий иш берувчи билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани эса мамлакатимиз меҳнат ресурсларига ташқи бозорда қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади.

Бироқ, бу рақамларнинг асл аҳамияти ҳамкорлар сонининг кўпайганидагина эмас, балки улар орқали фуқаролар учун қандай имкониятлар яратилаётганида намоён бўлади. Чунки ҳар бир келишув аниқ иш ўрни, муносиб иш ҳақи, касбий ўсиш ва ижтимоий кафолатларга айланиши керак.
Бу борада яна бир кўрсаткич диққатга сазовор: сўнгги ўн йилда хорижда ишлаётган юртдошларимиз сони икки баравар камайган бўлса-да, уларнинг оилаларига юбораётган маблағлари тўрт карра ошган. Бу меҳнат миграциясининг сифат жиҳатидан ўзгараётганини кўрсатади. Яъни, асосий мақсад кўпроқ одамни хорижга юбориш эмас, балки фуқароларнинг юқори малака ва муносиб даромад асосида меҳнат қилишига эришиш.
Ҳудудлар ўртасидаги фарқ ҳам бу масаланинг нақадар долзарблигини кўрсатади. Масалан, хорижда ишлаётган бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси Фарғона вилоятида 1 минг 850 долларни ташкил этса, айрим ҳудудларда 400 долларга ҳам етмайди. Бу тафовут шунчаки даромад фарқи эмас. У ҳудудларда касб ва тил ўргатиш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларига йўналтириш борасидаги имкониятлар бир хил эмаслигини ҳам кўрсатади.
Шу боис ҳокимлар, элчилар ва техникум раҳбарлари олдига фуқароларни юқори даромадли иш ўринларига тайёрлаш бўйича аниқ вазифалар қўйилмоқда.
«Intil» маркази: таълимдан бандликкача бўлган ягона тизим
Учтепа туманидаги «Intil» халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази ана шу янги ёндашувнинг амалий ифодаси. Қарийб 3,5 гектар майдонни эгаллаган мажмуада фуқаронинг дастлабки мурожаатидан тортиб, ҳужжатларни расмийлаштириш, тил ва касб ўрганиш, имтиҳон топшириш ҳамда хорижга ишга жўнаб кетишигача бўлган жараёнлар бир жойда ташкил этилган.
Марказнинг 600 ўринли ўқув бинолари, 180 ўринли амалий машғулот хоналари, 120 ўринли имтиҳон маркази ва 400 ўринли ётоқхонаси мавжуд. Бу кўрсаткичлар уни оддий ўқув муассасасидан кўра кенгроқ вазифани бажарувчи комплекс тизим сифатида намоён этади. Айниқса, таълим, амалий тайёргарлик, малака баҳолаш ва ишга жойлашиш жараёнларининг бирлаштирилиши фуқаро учун вақт ва ташкилий харажатларни камайтириш, иш берувчи учун эса талабига мос кадр тайёрлаш имкониятини кенгайтиради.
Ҳозирда марказда олтита халқаро лойиҳа доирасида 240 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Уларнинг ўқиши ва ётоқхона харажатлари бепул ташкил этилган. Марказда немис, инглиз, япон, корейс, чех, поляк, итальян ва словак тилларининг ўқитилиши ҳам бежиз эмас. Чунки ҳар бир хорижий меҳнат бозорининг ўз талаби, иш муҳити ва мулоқот маданияти бор. Тил билиш эса ана шу муҳитга киришнинг биринчи шарти ҳисобланади.
Олти ойдан ўн ойгача давом этадиган тил дастурларининг хорижий иш берувчилар эҳтиёжларига қараб янгиланиши таълимни меҳнат бозори билан бевосита боғлашга хизмат қилади. Касбий таълим 12 та дастурни қамраб олган. Тиббиёт, пайвандчилик, электр ва сантехника ишлари, омбор логистикаси, қурилиш, меҳмонхона ва ресторан хизмати, ошпазлик каби йўналишлар халқаро меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган касбларни эгаллашга қаратилган.
Бунда назарий билимнинг ўзи билан чекланилмаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Амалий симуляция хоналарида тингловчилар иш жойига яқинлаштирилган шароитда тайёрланади. Пайвандчиларнинг ISO 9606 халқаро стандартлари асосида ўқитилиши эса малака халқаро талабларга мувофиқ шакллантирилаётганини англатади. Ўқув жиҳозларининг Германия, Хитой ва Россиядан келтирилгани амалий таълим имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
ÖSD, TELC, J-CERT ва EPS TOPIK каби халқаро имтиҳонларни топшириш имконияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Чунки касбни билиш билан бирга унинг малакасини ҳужжат орқали тасдиқлай олиш ҳам хорижий иш берувчи олдида муҳим устунлик.
«Proud Partners», «Onodera User Run», «Deutsche Bahn», «RecruitMed GmbH», «PentaHospital» компаниялари ҳамда Перуджиа университети билан ҳамкорликдаги лойиҳалар таълим жараёнининг реал иш берувчи талаблари билан боғланаётганини кўрсатади.
Демак, «Intil» тажрибасининг асосий моҳияти фуқарони танлашдан тортиб, уни хориждаги иш ўрнига тайёрлашгача бўлган жараённи ягона занжирга бирлаштиришда.
45 минг буюртма ва 2 минг ишга жойлашган мутахассис: имкониятни натижага айлантириш зарур
Жаҳон меҳнат бозоридаги талаб билан миллий кадрлар тайёрлаш тизими ўртасидаги номутаносиблик Германия мисолида яққол кўринади. Жорий йилнинг ўзида Германиядан 45 минг мутахассисга буюртма келиб тушган, бироқ атиги 2 минг киши ишга жойлашган. Бу рақамлар ўртасидаги тафовутнинг асосий сабабларидан бири немис тилини биладиган кадрлар етишмаслигидир.
Бошқача айтганда, меҳнат бозорида талаб бор, иш ўринлари мавжуд, иш берувчилар ҳамкорликка тайёр. Аммо уларнинг эҳтиёжига мос тил ва касбий малакага эга мутахассислар етарли эмас. Шу боис ҳар бир вилоятдаги икки-учта техникумда касб билан бирга немис тилини ўқитиш вазифаси қўйилгани муҳим аҳамиятга эга.
«Intil» марказида «Telc» компанияси иштирокида 100 нафар немис тили ўқитувчисини тайёрлаш бошланган. Келгуси йилда уларнинг ҳудудлардаги техникумларга жалб қилиниши режалаштирилган. Бундан ташқари, мактаб ва техникумлар учун яна 500 нафар немис тили эгасини олиб келиш, олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини икки карра ошириш белгиланган.
Бу ерда 100 ва 500 рақамлари оддий статистик кўрсаткич эмас. Улар хорижий меҳнат бозори талабига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш учун зарур бўлган таълим инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган аниқ чораларни англатади. Келгуси йил 10 минг кишини касб ва немис тилига ўргатиб, Германияда ишга жойлаштириш вазифаси эса ушбу тизимнинг дастлабки йирик натижаси бўлиши кутилмоқда.
Айни пайтда инглиз тилини пухта ўзлаштириб, сертификат олган 200 мингга яқин ёшнинг мавжудлиги ҳам катта имкониятдир. Уларнинг АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва бошқа давлатларда муносиб иш топиши учун шароитларни кенгайтириш зарурлиги таъкидлангани меҳнат миграциясининг фақат бир нечта давлат билан чекланиб қолмаслигини кўрсатади.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдан мутахассисларни жалб этиш масаласини илк бор миграция стратегиясига киритгани, Буюк Британияда 33 минг ишчига эҳтиёж борлиги ҳам ташқи меҳнат бозорида янги имкониятлар мавжудлигидан далолат беради.
Бироқ имкониятни натижага айлантириш учун дипломатик келишувнинг ўзи кифоя қилмайди. Масалан, Буюк Британияга юртдошларимиз асосан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга бораётган бир пайтда, тиббиёт, логистика ва саноат соҳаларида ҳам аниқ келишувларга эришиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Италия билан мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ва «Ёшлар мобиллиги» дастурида иштирок этиш масаласини ҳал қилиш вазифаси ҳам белгиланди.
Бу ёндашув меҳнат миграциясини касбий таркиб жиҳатидан диверсификация қилиш, фуқаролар учун барқарор ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш имконини беради.
Ҳудудий марказлар ва техникумлар: кадр тайёрлашнинг янги модели
«Intil» маркази тажрибасини мамлакатнинг барча ҳудудларига татбиқ этиш режаси ислоҳотларнинг қамровини кенгайтиришга қаратилган. Келгуси йил ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказини ташкил этиш учун 8 миллиард сўмдан ажратилиши белгиланган. Бу маблағлар ҳар бир вилоятда тил ўрганиш, касб эгаллаш, малака баҳолаш ва ишга жойлашиш жараёнларини ўзаро боғлайдиган инфратузилмани шакллантиришга хизмат қилади.
Бундай ёндашувнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, фуқаро хорижда ишлаш учун зарур маълумот ва хизматларни излаб, турли ташкилотлар ўртасида сарсон бўлмайди. Унинг эҳтиёжига мос йўналишда тайёргарлик кўриш ва ишга жойлашиш жараёни ягона тизим орқали ташкил этилади.
Шу билан бирга, бир ой ичида хорижий компаниялар талабига мос дастур асосида 20 та техникумни танлаш вазифаси қўйилган. Ҳар бир вилоятдаги яна икки-учта техникумни йирик тадбиркорлар бошқарувига бериш режалаштирилмоқда.
Ушбу техникумларнинг 15 йил муддатга бошқарувга берилиши, битирувчиларга давлат намунасидаги малака сертификати тақдим этилиши, кадр тайёрлаш ва жиҳозларга сарфланган маблағларни солиқлардан чегириш кўзда тутилгани таълимга хусусий сектор инвестицияларини жалб этишнинг муҳим механизми ҳисобланади.
Йилига камида 30 минг нафар ишга тайёр мутахассис етиштириш вазифаси ана шу ҳамкорликдан кутилаётган натижани ифодалайди. Бундай тизимда техникум фақат диплом берадиган муассаса эмас, балки муайян иш берувчи талаб қилаётган билим ва кўникмаларни шакллантирадиган касбий тайёргарлик марказига айланади.
1,5 миллион сўмлик рағбат: натижага асосланган бандлик сиёсати
Меҳнат миграцияси соҳасида хусусий бандлик агентликларининг иштироки кенгайиб бораётгани ҳам эътиборга молик. Лицензия бериш тартиби соддалаштирилганидан кейин икки йилда хусусий бандлик агентликлари сони уч баравар, улар орқали хорижда ишга жойлашган фуқаролар сони эса беш карра ортган.
Бу хусусий секторнинг меҳнат миграциясидаги имкониятлари катта эканини кўрсатади. Бироқ, агентликлар фаолиятини баҳолашда фақат хорижга юборилган фуқаролар сони эмас, балки уларнинг қандай ишга жойлашгани, ҳуқуқлари ҳимоя қилингани ва ижтимоий кафолатларга эга экани асосий мезон бўлиши лозим.
Шу нуқтаи назардан, келгуси йил фуқароларни хорижга ишга юбориш вазифасини ишончли хусусий бандлик агентликларига ўтказиш, юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун уларга 1,5 миллион сўмдан рағбат пули тўлаш белгилангани натижага йўналтирилган янги механизм.
Агентликларнинг очиқ рейтинги юритилиши эса соғлом рақобатни шакллантиришга хизмат қилади. Бунда ишга жойлашиш натижаси, фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий кафолатлар асосий кўрсаткич бўлади. Бундай ёндашувнинг моҳияти оддий: давлат хусусий секторга имконият яратади, хусусий сектор эса фуқаронинг манфаати ва муносиб бандлик натижаси учун масъулиятни ўз зиммасига олади.
287 минг имконият
Жорий йилнинг ўзида 34 та давлатда 287 минг кишини ишга жойлаштириш имконияти мавжудлиги қайд этилган. Бу жуда муҳим рақам. Чунки хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун имконият мавжуд, аммо унинг ўзи ҳақида маълумотга эга бўлмаслик ёки зарур талабларни билмаслик ишга жойлашиш жараёнига тўсиқ бўлиши мумкин.
Шу боис хориждаги ҳар бир иш ўрни бўйича мутахассисга қўйиладиган талаблар, зарур тил ва ўқиш имкониятлари ҳақидаги маълумотни маҳалла даражасигача етказиш вазифаси белгиланди.
«Маҳалла еттилиги» томонидан хорижда ишлаш истагидаги фуқароларнинг «Онлайн маҳалла» платформасига киритилиши, ҳокимлар ва масъул ташкилотларнинг уларни касб ва тилга тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштиришга масъул этиб белгиланиши миграция сиёсатининг манзиллилигини таъминлашга хизмат қилади. Бу жараёнда ҳокимлар фаолиятининг ҳар ой, туман ҳокимлари фаолиятининг эса ойига икки марта кўриб чиқилиши натижадорлик устидан мунтазам назорат ўрнатишга қаратилган.
Аслида, 287 минг иш ўрни ҳақидаги маълумотнинг ҳар бир маҳаллага етиб бориши фуқаро учун имконият эшигини очади. Лекин бунда маълумотнинг ўзи билан чекланмасдан, иш ўрнининг қонунийлиги, меҳнат шароитлари, иш ҳақи ва зарур малака талабларини ҳам аниқ тушунтириш муҳим.
Шу жиҳатдан, элчиларнинг вазифалари ҳам кенгаймоқда. Улар энди фақат иш берувчилар билан келишув тузиш билан чекланмайди. Квоталар, ишчи визалари, малака сертификатларини тан олиш масалаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ишга жойлашиши ва янги муҳитга мослашишига кўмаклашиш ҳам уларнинг масъулиятига киради. Бу эса иқтисодий дипломатиянинг амалий натижаси фуқаронинг муносиб иш ўрнига эга бўлиши билан ўлчанишини англатади.
Хориждаги фуқаро ҳам давлат эътиборида
Меҳнат миграциясининг энг муҳим мезонларидан бири — хорижга ишлаш учун кетган инсоннинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш. Фуқаро ўз юртидан узоқда бўлганида ҳам ҳуқуқий ҳимоядан, зарур ёрдамдан ва давлат эътиборидан четда қолмаслиги керак. Шу мақсадда «Онлайн маҳалла» платформаси орқали хорижда қийин вазиятга тушган фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш механизми назарда тутилмоқда. Зарур ҳолларда элчининг шахсан муаммо билан шуғулланиши белгилангани ҳам бу борадаги масъулиятни кучайтиради.
Президентимизнинг «Чет элда меҳнат қилаётган бирорта юртдошимиз ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак», деган сўзлари ушбу сиёсатнинг инсонпарварлик моҳиятини ифодалайди. Зеро, тартибли миграция фақат хорижга қонуний чиқиш ёки ишга жойлашиш билан тугамайди. У инсоннинг меҳнат фаолияти давомида ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, ижтимоий кафолатлардан фойдаланиши ва зарур ҳолларда давлат ёрдамини олиш имкониятини ҳам қамраб олиши керак.
Шунингдек, хорижда ишлаётган фуқароларнинг оилалари, ота-оналари ва фарзандларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳокимларга вазифалар юклатилгани миграция масаласига фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий нуқтаи назардан ҳам ёндашилаётганини кўрсатади.
Хорижда меҳнат қилаётган инсоннинг ортида оиласи, фарзандлари ва ота-онаси бор. Демак, миграция сиёсатида уларнинг манфаатлари ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.
Тажриба ва салоҳият эгалари
Меҳнат миграцияси сиёсатининг яна бир муҳим йўналиши — хориждан қайтган фуқароларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш. Йил бошидан буён 1 миллион 116 минг киши мамлакатимизга қайтган. Уларнинг орасида хорижда саноат, қурилиш, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида тажриба орттирган мутахассислар бор. Буни мамлакатимиз меҳнат бозорига кириб келиши мумкин бўлган катта тажриба ва касбий салоҳият манбаи сифатида баҳолаш зарур.
Чунки хорижда ишлаган фуқаро янги технологиялар, ишлаб чиқариш маданияти, меҳнат интизоми ва касбий стандартлар билан танишган бўлиши мумкин. Ушбу тажрибани миллий иқтисодиётга йўналтириш эса ички меҳнат бозори учун ҳам муҳим имконият.
Шу мақсадда қайтган фуқароларнинг хориждаги иш жойи, касби ва меҳнат стажини акс эттирувчи платформа яратилиши режалаштирилган. Йил якунигача уларнинг 250 минг нафарига мос иш топиш, тадбиркорлик қилиш истагида бўлганларга кўмаклашиш вазифаси белгиланган.
Бу ерда 250 минг рақами алоҳида аҳамиятга эга. У қайтган фуқароларни оддий иш қидирувчи сифатида эмас, балки ўз тажрибаси ва малакаси билан иқтисодиётга ҳисса қўша оладиган инсон капитали сифатида кўриш зарурлигини англатади. Хорижда орттирилган меҳнат стажи ва пенсия ҳуқуқини тан олиш масаласи ҳам шу сиёсатнинг узвий қисми ҳисобланади.
Бугун юртдошларимиз 40 дан зиёд давлатда қонуний меҳнат қилиб, пенсия бадалларини тўламоқда. Жорий йилда Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия билан бу борада икки томонлама битимлар имзолангани муҳим натижадир. Бошқа давлатлар билан ҳам шундай келишувларга эришиш вазифасининг қўйилиши хориждаги меҳнат фаолиятини фуқаронинг келажакдаги ижтимоий таъминоти билан боғлашга қаратилган. Зеро, инсоннинг хорижда қилган меҳнати фақат бугунги даромад билан эмас, балки эртанги ижтимоий ҳимояси билан ҳам қадрланиши керак.
Миграция сиёсатида миллий манфаатлар мувозанати
Йиғилишда Ўзбекистонга келаётган хорижий ишчи кучини тартибга солиш масаласи ҳам кўриб чиқилгани эътиборга молик.
Мамлакатимизда узоқ муддат яшаётган чет элликлар сони 250 мингга яқинлашган. Уларнинг 36 минг нафари ишлашга рухсатнома олган, 24 минг нафари эса талабалардир. Қолган хорижликларнинг бандлиги ва даромад манбалари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш зарурлиги таъкидланган.
Бу ёндашув меҳнат миграцияси сиёсатининг икки томонлама хусусиятини намоён этади. Яъни, Ўзбекистон ўз фуқароларининг хорижда муносиб меҳнат қилиши учун шароит яратиш билан бирга, мамлакат ҳудудидаги хорижий ишчи кучининг фаолиятини ҳам қонунийлик ва тартиб асосида ташкил этиши лозим.
Бунда энг муҳим тамойил — янги иш ўринларига биринчи навбатда ўз фуқароларимизни жойлаштириш. Бу миллий меҳнат бозори манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ички иқтисодий имкониятлардан самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан муҳим.
Инсон қадри — янги миграция сиёсатининг бош мезони
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган вазифаларнинг мазмунини бир нуқтада жамлаш мумкин: Ўзбекистон меҳнат миграциясини тартибга солинмаган миграция жараёнидан аниқ мақсад, ҳисоб-китоб, тайёргарлик ва масъулият асосида бошқариладиган тизимга айлантиришни мақсад қилмоқда.
Бу тизимда мактаб ва техникумлар тил ҳамда касб ўргатади, халқаро марказлар малака ва тайёргарликни таъминлайди, хорижий иш берувчилар аниқ буюртмалар беради, хусусий агентликлар бандликка кўмаклашади, маҳалла фуқароларни жараёнга жалб этади, ҳокимликлар натижа учун масъул бўлади, элчихоналар эса хориждаги ҳуқуқий ва ташкилий ҳимояни таъминлайди.
Бундай ўзаро боғлиқликнинг асосий натижаси фуқаронинг муносиб иш топиши, юқори даромад олиши, ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва оиласи фаровонлигининг ошишида намоён бўлади.
Шу билан бирга, меҳнат миграциясига тайёрланаётган ҳар бир мутахассис мамлакатимизнинг хориждаги ўзига хос вакили ҳамдир. Унинг билими, касбий маҳорати, меҳнат маданияти ва одоб-ахлоқи Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурни шакллантиради.
Шу боис Президентнинг хорижга бораётган ёшларимиз ўз тарихи, маданияти ва миллий қадриятларимизни танитишлари ҳақидаги фикрлари ҳам катта маъно касб этади. Миллий нуфуз ва иқтисодий манфаат бир-бирини тўлдириши керак.
Энг муҳими, янги ёндашувда инсон манфаати марказий ўринга қўйилмоқда. Фуқаро чет элга ишлаш учун кетишидан олдин касб ва тил ўрганади, малакасини тасдиқлайди, қонуний иш ўрнига эга бўлишга кўмак олади. Хорижда меҳнат қилаётганида ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланади, қайтгач эса орттирган тажрибасини мамлакатимиз тараққиётига йўналтириш имкониятига эга бўлади.
Шундай экан, хавфсиз, тартибли ва даромадли миграция — инсон капиталини ривожлантириш, миллий кадрлар салоҳиятини ошириш, иқтисодий дипломатия имкониятларини кенгайтириш ва фуқаролар фаровонлигини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли сиёсат.
Зеро, давлат учун энг катта бойлик инсон, унинг билими, малакаси ва меҳнат салоҳиятидир. Ана шу салоҳиятни рўёбга чиқариш, қаерда бўлмасин, фуқаронинг меҳнати қадрланиши ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш эса кучли ижтимоий давлатнинг муҳим вазифасидир.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА шарҳловчиси