ҚДУ – Осиёнинг энг яхши университетлари қаторида
“Quacquarelli Symonds (QS)” халқаро рейтинг агентлиги томонидан Осиёнинг энг яхши олий ўқув юртлари рейтинги – “QS World University Rankings: Asia – 2027” эълон қилинди.
Ушбу халқаро рейтингдан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳам муносиб ўрин эгаллади. Бу натижа, энг аввало, давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистонда таълим сифатини ошириш, олий таълим муассасаларининг илмий ва академик салоҳиятини оширишга қаратилаётган юксак эътибор ҳамда яратилаётган кенг имкониятларнинг амалий ифодасидир.
Шу билан бирга, таълим тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим ва илм-фан интеграциясини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, олий таълим муассасаларининг халқаро академик майдондаги нуфузи ва рақобатбардошлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг муҳим натижасидир.
Ушбу эътироф мазкур олий ўқув юрти жамоаси учун катта ютуқ бўлиб, келгусида таълим сифати ва илмий салоҳиятни янада ошириш, халқаро миқёсдаги нуфузни мустаҳкамлаш йўлида янги марраларни эгаллашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири