Мавжуд канал реконструкция қилиниб, яна бир канал бунёд этилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик шодиёнаси мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган шу кунларда Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган яна бир эзгу иш амалга оширилди. Сув таъминотини яхшилашга қаратилган икки йирик лойиҳа натижасида минглаб гектар экин майдонларига обиҳаёт етказиб бериш имконияти кенгайди.
Тумандаги “К-25-15” каналининг 9,7 километрлик қисми реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Арнасой” машина каналидан ПР-8 каналига қўшимча сув етказиб бериш мақсадида 2,5 километр узунликда янги канал барпо этилди.
Зеро, Мирзачўлда сув — шунчаки неъмат эмас, балки ернинг ризққа айланиши, деҳқон меҳнатининг самара топиши, хонадонларга барака кириб боришининг бош омилидир. Шу маънода, янги ва реконструкция қилинган сув тармоқлари қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамият касб этади.


“К-25-15” каналининг янгиланган қисми орқали 1 минг 200 гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланади. Илгари сув танқислиги туфайли қийинчиликлар кузатилган 800 гектар майдонни қайта фойдаланишга киритиш, яна 400 гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш имконияти яратилди.
Янги қурилган тармоқ эса “ПР-8” каналига қўшимча сув олиб келиш имконини берди. Натижада Янги дала ва Туркистон ҳудудларидаги жами 5 минг 134 гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг сув таъминотини барқарорлаштириш учун кенгроқ имконият пайдо бўлди.
Бу рақамлар ортида эса оддий статистика эмас, балки далаларнинг эртанги ҳосили, деҳқоннинг умиди ва юзлаб хўжаликларнинг меҳнати мужассам. Сувнинг ўз вақтида ва меъёрда етказилиши экинларни парваришлаш, ер унумдорлигидан самарали фойдаланиш, сув йўқотишларини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.


Янгиланган “К-25-15” канали нафақат Мирзачўл тумани учун, балки чегарадош ҳудудлар учун ҳам аҳамиятли. Мазкур иншоот орқали Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятига сув етказиб бериш жараёнида ҳам муҳим вазифа бажарилади. Бу эса сув ресурсларидан оқилона ва келишилган ҳолда фойдаланиш борасида икки қўшни давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодасидир.


Каналлар реконструкцияси ва янги тармоқ барпо этилиши сув хўжалиги инфратузилмасини замон талаблари асосида такомиллаштириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳамда ҳудудда сув тақсимотини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Объектларни фойдаланишга топшириш маросимларида Қозоғистон Республикаси Сув хўжалиги ва ирригация вазирлигининг Туркистон вилояти “Казводхоз” филиали директори Мерлан Керимжанов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Абдураззоқов, Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Музаффар Турдибоев, Мирзачўл тумани ҳокими Ботиржон Мирзақулов, соҳа ташкилотлари вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.


Тадбирларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тармоқларини такомиллаштириш, сув исрофини камайтириш ва чегарадош ҳудудларда сувдан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, сувни асраш ва унинг ҳар бир томчисидан унумли фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Лойиҳа “Жиззахқурилишинвест” давлат муассасаси буюртмачилигида, “Imkon-Loyiha” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида “UchtepamaxsusSUVpudrat” МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Рамзий ленталар кесилиб, янги ва реконструкция қилинган каналларга сув очилган паллада Мирзачўл далаларида яна бир янги умид уйғонгандек бўлди.

Мирзачўлда амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар истиқлол йилларида яратилган имкониятларнинг амалий самарасини кўрсатади. Обод ва фаровон ҳаёт, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожи, халқ дастурхонининг тўкинлиги йўлидаги ҳар бир бунёдкорлик иши эса юрт тараққиётининг янги манзилларини белгилайди.
Мирзачўл далаларига кириб бораётган обиҳаёт — бу нафақат сув, балки эртанги ҳосил, фаровон хонадонлар ва баракали меҳнат тимсолидир. Истиқлолнинг 35 йиллик тантаналари арафасида янгиланган каналлар бағрида жўш ураётган сув эса тинчлик, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик йўлидаги эзгу ишлар давом этаётганидан дарак беради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири