Болажонлар учун суннат тўйи ўтказилди
Фарзанд қувончи — хонадонга, болалар кулгиси эса бутун юртга файз бағишлайди. Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 131 нафар болажон учун катта суннат тўйи ташкил этилди.
Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ижтимоий реестрда турувчи оилалар фарзандлари учун ўтказилган тантана «Фаровон» тантаналар уйида бўлиб ўтди. Байрамона безатилган масканда болажонларнинг шодон кулгиси, ота-оналарнинг қувончи ва эзгу тилаклари уйғунлашиб, кунга кўтаринки руҳ бағишлади.
Тантанага болаларнинг ота-оналари ва яқинлари, нуронийлар, фаоллар ҳамда жамоатчилик вакиллари ташриф буюришди. Бу қувончли кун кўплаб оилалар учун фарзанди ҳаётидаги унутилмас воқеалардан бирига айланди.

Йиғилганлар юртимизда инсон қадрини юксалтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, фарзандларнинг муносиб шароитда улғайишига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар хусусида фикр билдирдилар. Айниқса, халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик каби қадриятлар бугун ҳам амалий ташаббусларда ўз ифодасини топаётгани таъкидланди.

Тантанада иштирок этган шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиева болажонларни қутлуғ айём — мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда суннат тўйи билан самимий муборакбод этди. Ёш авлодга мустаҳкам соғлиқ, бахтли болалик, илм ва касб-ҳунар эгаллаб, келажакда юртга муносиб инсонлар бўлиб камол топишларини тилади.
Шундан сўнг болажонларга шаҳар ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан тайёрланган тўй совғалари топширилди. Кутилмаган совғалар ва самимий эътибор болаларнинг қувончига қувонч қўшиб, уларнинг юзида табассум уйғотди.

— Бугун фарзандим Тоҳиржоннинг суннат тўйи мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига ҳамоҳанг тарзда ўтказилаётганидан жуда хурсандман. Бизга ана шундай қувончли кунни улашган шаҳар ҳокимлиги ва саховатли инсонларга миннатдорчилик билдираман. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Фарзандларимиз бахтли бўлиб, камол топсин. Оналарнинг нияти ҳам, тилаги ҳам аслида шу. Чунки тинч юртга тўй ҳам, байрам ҳам ярашади. Шу боис юртимизга кўз тегмасин, — дейди Тоҳиржоннинг онаси Марғуба Тураева.

Тантана давомида санъаткорлар ижросидаги дилтортар қўшиқлар янграб, меҳмонларга кўтаринки кайфият улашилди. Болажонларнинг шодлиги, ота-оналарнинг дуолари ва самимий тилаклар билан ўтган байрам халқимизга хос эзгулик ва саховатнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Зеро, фарзандлар бахти — юрт келажаги. Уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик эса эртанги кунга ишончни мустаҳкамлайди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ўтказилган ушбу хайрли тантана 131 нафар болажонга қувонч улашиб, уларнинг хотирасида унутилмас кун бўлиб қолди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири