Масъулиятли мавсум
Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим мавсум — ғалла ўрими бошланди.
Тошкент вилояти фаоллари, нуронийлар, жамоат ва давлат ташкилотлари мутасаддилари, туман ва шаҳар ҳокимлари, фермер ва кластерлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ҳам мана шу муҳим мавсум муносабати билан Зангиота зиёратгоҳида йиғилди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида муаззам маскан зиёрат қилиниб, ўтганлар руҳи покига Қуръон тиловат қилинди. Табаррук қадамжода жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ёзилди. Қўллар дуога очилиб, баракали хирмонни тўплашда бел боғлаган бободеҳқонларнинг ишига унум, эл дастурхонига тўкинлик, юртимизга тинчлик тилаб фотиҳа қилинди.

Таъкидланганидек, ғаллакорлар олдида етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда, сифатли ва талафотсиз йиғиб-териб олиш вазифаси турибди. Жорий йилда ҳудуд миришкорлари томонидан бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштирилди. Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, замонавий технологиялар ҳамда илғор тажрибаларни қўллаш, уруғчиликка эътибор ўз самарасини берди.
Баҳорнинг серёғин келиши ва қулай табиий муҳит туфайли лалми майдонларга ҳам барака ёғилди. Эндиликда асосий мақсад катта меҳнат ва сарф-харажат эвазига етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан, қисқа муддатларда ўриб-янчиб, қабул пунктлари ва хирмонларга жойлаштиришдан иборат. Бу жараёнда ҳар бир кун ғанимат ҳисобланади.

Маросимда вилоят раҳбари, нуронийлар вакиллари сўз олиб, ғалла ўримида иштирок этадиган механизаторлар, таъминотчилар, фермерлар ва соҳа вакилларига мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, техника ва ресурслардан самарали фойдаланиш, ҳосилни талофатсиз йиғиб олиш, ёнғин хавфсизлигига ва бошқа техник регламентларга қатъий риоя қилиш, мавсум меҳнаткашларининг ижтимоий ҳимояси ва манфаатдорлигини ошириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Фидокорона саъй-ҳаракатлар билан бу йилги ўрим мавсуми ҳам юқори натижалар билан якунланишига ишонч билдирилди.
А.Мусаев,ЎзА