Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилган шахс қўлга олинди
Бугунги кунда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар сони ортиб бораётган бир пайтда айрим кимсалар ана шу вазиятдан ноқонуний манфаат кўришга уринмоқда. Афсуски, осон ва тез иш топиб бериш ваъдаларини бериб, одамларнинг ишончи ва орзуларидан фойдаланишга ҳаракат қилаётган фирибгарлар ҳам учраб турибди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.
Ана шундай тезкор тадбирлардан бири Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қпрши курашиш департаментининг Бухоро вилоят бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбир давомида фуқаро Н.Ж. ўзини юқори имкониятларга эга шахс сифатида кўрсатиб, Миграция агентлигида ишловчи танишлари орқали бир фуқарони Корея Республикасига ишга жўнатиб беришни ваъда қилгани маълум бўлди. У мазкур хизмат эвазига 7 минг АҚШ доллари талаб қилиб, пул маблағини олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Терговга қадар текширув материалларига кўра, ушбу шахс хорижда меҳнат қилиш истагида бўлган фуқаронинг ишончини суиистеъмол қилиб, қонунга зид равишда моддий манфаат орттиришни кўзлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 ва 168-моддалари (фирибгарлик), шунингдек, 28 ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда ҳолатнинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар фуқароларни хорижга ишга жўнатиш бўйича хизматлардан фақат расмий ва лицензияга эга ташкилотлар орқали фойдаланишга, турли воситачиларнинг асоссиз ваъдаларга бой таклифларига ишонмасликка чақирмоқда.
Қонуний йўл билан ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларни ноқонуний усулларда амалга оширишга уриниш нафақат моддий зарар, балки оғир ҳуқуқий оқибатларга ҳам олиб келади. Шу боис ҳар бир фуқаро ҳушёрликни сақлаши, хорижда ишлаш билан боғлиқ масалаларда фақат расмий манбаларга таяниши муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири