Марказий Осиёни ягона маконга айлантириш – устувор мақсад
Бугун жаҳонда кечаётган беқарор геосиёсий вазият, иқлим инқирози, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигига доир глобал хатарлар шароитида ҳар бир минтақанинг ички бирдамлиги ва ташқи ҳамкорлиги янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Марказий Осиёда сўнгги йилларда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, айниқса, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яқинлашув тенденцияси кучайиши бутун минтақа келажаги учун стратегик йўналиш сифатида намоён бўлмоқда. Шундай бир паллада Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий сиёсатнинг янги босқичига айланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 13 ноябрь куни “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган мақоласи айнан шу муҳим учрашув арафасида Марказий Осиё ҳудудида янгиланиб бораётган сиёсий муҳит, яқин ҳамкорлик ва бирдамлик тенденцияларига яна бир бор чуқур баҳо берди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Марказий Осиё бугун ўз тараққиётининг “янги, тарихий аҳамиятга эга босқичи”га кириб келмоқда. Бугун давлатлар ўртасида чинакам ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурматга асосланган янги дипломатик стандарт шаклланмоқда. Бу жараённинг пойдевори эса 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ташаббуси билан йўлга қўйилган доимий сиёсий мулоқот механизми, жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари эканлиги шубҳасиз.
Мазкур платформа замиридаги энг муҳим жиҳат – давлатларнинг очиқ мулоҳаза ва стратегик масалаларга нисбатан умумий ёндашувларни ташқи воситачиларсиз ишлаб чиқиш имконини яратган сиёсий муҳитдир. Минтақавий дипломатия тарихида шаклланган илк бундай даражадаги ишонч ва ҳамжиҳатлик формати Марказий Осиёни барқарор ривожланиш моделига айлантиришга беқиёс ҳисса қўшади.
Бугунги кунда Марказий Осиё халқаро ҳамжамият томонидан барқарорлик ва бунёдкорлик макони сифатида эътироф этилмоқда. Бу жараён марказида Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати, прагматик дипломатияси ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатъий иродаси турибди.
Президент мақоласида алоҳида таъкидланган яна бир муҳим жиҳат минтақанинг демографик салоҳияти, яъни ёшлар, инновация ва инсон капиталини келгуси тараққиётнинг асосий драйверига айлантириш заруратидир. Шу билан бирга ҳамкорликнинг суверенитет ва тенг ҳуқуқлилик тамойилига тўлиқ таяниши – Марказий Осиё давлатлари ўз йўлини мустақил равишда белгилаётганини кўрсатади.
Шавкат Мирзиёевнинг “Биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз” деган фикри бугунги сиёсий жараённинг моҳияти, минтақавий алоқаларнинг янги даражадаги мазмун-моҳиятини ёрқин ифода этади.
15-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви мавжуд стратегик ҳамжиҳатликни янада чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлиши шубҳасиз. Мазкур анжуман нафақат сиёсий масалалар, балки иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, экология ва маданий-гуманитар йўналишларда ҳам аниқ ҳамкорлик механизмини белгилаб бериши кутиляпти.
Президентимиз таъкидлаганидек, Марказий Осиёни ягона тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт маконига айлантириш – бугунги куннинг энг устувор вазифаси. Минтақавий бирдамлик фақат учрашувлар эмас, балки амалий натижалар билан мустаҳкамланмоқда. Айни жараён бутун минтақанинг келажаги, халқларимиз манфаати ва глобал барқарорлик учун улкан аҳамият касб этади. Тошкент саммити эса Марказий Осиёдаги ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва умумий келажакка хизмат қиладиган янги, мустаҳкам пойдеворни яратади.
Ҳабибулло Садибақосев,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик
академияси биринчи проректори