Полмонда Нидерландия лолалари парваришланмоқда
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрининг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Полмон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томорқачилик ва боғдорчиликдаги ютуқлари билан эътибор қозонган. Айни пайтда мазкур маҳаллада қарийб 4500 нафар қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади.
Маҳалла фаолларидан бири, меҳнат фахрийси Маманбой Макситов ўз томорқасидан самарали фойдаланиб келмоқда. У 14 сотих ер майдонида Нидерландия лолаларини етиштириш билан шуғулланиб, йилига икки марта даромад олишга эришмоқда. Куз фаслида лола кўчатлари, баҳорда эса очилган гулларни сотувга чиқаради. Шу боис унинг парваришлаётган лолалари харидорлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
— Айни пайтда лоланинг қизил, сариқ ва пушти рангларини парваришлаяпмиз. Жорий йилдан бошлаб оқ рангли лолаларни ҳам экишни режалаштирганмиз, - дейди тажрибали томорқачи Маманбой Макситов. — Гулларимиз нафақат вилоятимизда, балки қўшни Қирғизистон бозорларида ҳам сотилмоқда.
[gallery-28489]
Оиланинг даромад манбалари бундагина чекланиб қолмайди. Томорқада олма, нок, гилос каби мевали дарахтлар парваришланади, шунингдек, асаларичилик билан ҳам шуғулланилади.
— Беш нафар фарзандимнинг барчаси уйли-жойли бўлиб, ўз меҳнати билан тирикчилик қилмоқда. Биз эса бу ишларни, аввало, соғлом ва жисмонан фаол бўлиш учун амалга оширамиз, — дейди отахон.
Айтиш жоиз, шу кунга қадар Маманбой Макситов ўн нафарга яқин маҳалладошига лола етиштириш сир-асрорларини ўргатган. Бу эса яқин келажакда Нидерландия лолаларини парваришлаш Полмон маҳалласи аҳолиси учун яна бир барқарор даромад манбаига айланишига замин яратади.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/2Z-knxCVC0g?si=wLVLwSc67suT4zw4" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА фотомухбири
Муқимжон ҚОДИРОВ олган сурат ва видео.