Марказий Осиё ёшлари халқаро дипломатия асосларини ўрганмоқда
Шу кунларда пойтахтимизда “Central Asian Model OSCE 2026” ёшлар таълим тадбири бўлиб ўтмоқда.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан ЕХҲТнинг Остона, Бишкек ва Душанбедаги Дастурий офислари билан ҳамкорликда халқаро “Nordic” университетида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 25 нафар йигит-қиз иштирок этмоқда.
Дипломатик симуляция форматидаги, яъни халқаро музокаралар жараёнини амалда моделлаштирувчи интерактив машғулот давомида иштирокчилар дипломатлар ролини ўйнаб, инқирозли вазиятларни муҳокама қилиш, резолюциялар ишлаб чиқиш ва давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифаларни бажармоқда.

– ЕХҲТ модели ёшлар учун дипломатия ва музокаралар соҳасида амалий тажриба тўплаш ҳамда халқаро ташкилотлар фаолиятини чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради, – дейди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен. – Марказий Осиё ёшларини бирлаштирган ушбу ташаббус минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек ёшларни хавфсизлик соҳасидаги умумий муаммоларни ҳал этишга фаол жалб этишга хизмат қилади.
Беш кун давомида иштирокчилар ЕХҲТ фаолияти билан яқиндан танишиб, хавфсизлик соҳасидаги долзарб муаммолар, қарор қабул қилиш жараёнида ёшларнинг ўрни ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2250-сонли «Ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик» резолюциясини ўрганмоқда.
– ЕҲҲТ модели асосида ташкил этилган ушбу машғулот менга халқаро даражадаги қарорлар қандай қабул қилиниши ва дипломатик мулоқот қай тарзда шаклланишини яхшироқ тушуниш имконини берди, – деди Тожикистондан келган Нигора Илолова. – Журналист сифатида мен учун омма олдида чиқиш, билдирилган фикрни далиллар асосида тасдиқлаш ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларимни ривожлантириш, шунингдек Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган ёшлар билан тажриба алмашиш жуда муҳим.

Дастурда амалий жиҳатларга, шу жумладан интерактив машғулотлар ва дипломатик баҳс-мунозаралар, ЕХҲТнинг Доимий кенгаши фаолиятининг тўлиқ симуляциясини ташкил этишга урғу берилган. Ушбу жараёнда ёшлар дипломатлар ролида иштирок этиб, долзарб масалалар юзасидан кўп томонлама музокаралар олиб бормоқда. Шу билан бирга, гендер тенглиги, инклюзив иштирок ҳамда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда ёшларнинг ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
“Central Asian Model OSCE 2026” дастури иштирокчиларга халқаро дипломатия соҳасида назарий билим ва амалий тажриба олиш, уларнинг музокаралар олиб бориш, муросага эришиш ҳамда конструктив кўп томонлама мулоқотни йўлга қўйиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА