Ғозғонда кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари давом этмоқда
Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрида бугунги кунда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Ҳудудда уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда бошқарув бинолари барпо этилиб, шаҳар инфратузилмаси янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Жумладан, Тумар маҳалласида қурилаётган замонавий деҳқон бозори аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга лойиҳалардан бири ҳисобланади. Қарийб 1 гектар майдонда барпо этилаётган ушбу савдо масканида 32 та дўкон ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун очиқ савдо расталари ташкил этилади.
– Шу кунгача шаҳримиз аҳолиси учун хизмат қиладиган бозоримиз йўқ эди, – дейди шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Изомиддин Аҳмадқулов. – Ҳудудда харидор ва сотувчилар учун барча зарур инфратузилма яратилади. Дўконларнинг фасад қисми ва зинапояларининг мармар билан безатилаётгани объектга эстетик жиҳатдан ҳам ўзига хос қиёфа берган. Янги бозор ишга тушгач нафақат аҳолига қулайлик яратилади, балки маҳаллий бюджетга қўшимча қарийб 2,5 миллиард сўм миқдорида тушум келиб тушиши ва 100 га яқин иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
[gallery-29056]
Шу билан бирга, шаҳарда яна бир муҳим ижтимоий объект – замонавий марказий поликлиника қурилиши якунланиш арафасида. Мазкур тиббиёт муассасаси 48 ўринга мўлжалланган бўлиб, у ишга тушгач, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини сезиларли даражада оширади. Янги поликлиникада диагностика ва даволаш имкониятлари кенгайиб, соғлиқни сақлаш тизими янада такомиллаштирилади. Шунингдек, бу ерда 50 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Ҳозирда объектда ички пардозлаш ишлари деярли якунланган бўлиб, ташқи ҳудудни ободонлаштириш ва якуний безатиш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа яқин вақт ичида тўлиқ ишга туширилиши кутилмоқда.
Шаҳарда бошқарув тизимини янада самарали ташкил этиш мақсадида замонавий ҳокимлик биноси ҳам барпо этилмоқда. Янги маъмурий иншоот замонавий архитектура асосида қурилиб, давлат хизматчилари учун қулай иш шароитларини яратади. Шунингдек, бу ерда турли ташкилотлар учун ҳам жой ажратилиши режалаштирилгани хизмат кўрсатиш жараёнларини янада тезкор ва самарали қилишга хизмат қилади.
Ғозғон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари аҳоли фаровонлигини ошириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва шаҳарнинг янги қиёфасини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари