Давлат хизматида самарали HR-бошқаруви: илғор амалиётлар, рақамли экотизим ва талант менежменти
Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда давлат хизматини халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришда инсон ресурсларини бошқариш (HR) бўлинмалари муҳим стратегик ўрин тутади. Мазкур бўлинмалар нафақат кадрлар билан боғлиқ жараёнларни бошқаради, балки ташкилотнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини шакллантириш, ходимларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва меҳнат самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим бўғин ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида БМТ Давлат хизмати куни муносабати билан вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари раҳбарлари учун махсус семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади — инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари раҳбарларининг касбий компетенсияларини миллий ва халқаро илғор тажрибалар асосида ривожлантириш, замонавий HR-менежмент ҳамда People Analytics ёндашувларини давлат хизматига жорий этиш орқали инсон капиталидан самарали фойдаланиш механизмларини такомиллаштиришдан иборат.

Семинар дастуридан қуйидаги долзарб йўналишлар ўрин олди: Келажак меҳнат бозори ва давлат хизматида талант менежменти: халқаро тенденсиялар ва илғор тажрибалар;
Давлат хизматида замонавий ҲР-бошқарув ёндашувларини қўллаш: хорижий тажриба асосида инсон капиталини ривожлантириш механизмлари;
Хусусий сектордаги ҲР-стратегиялар: бизнес натижадорлиги ва ходимлар самарадорлигини уйғунлаштириш.

Аввал хабар берилганидек, Агентлик давлат органлари ва хусусий сектор ўртасида самарали шерикликни ривожлантириш, хусусий сектордаги энг илғор тажрибаларни давлат хизматида жорий этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, бугун ташкил этилган семинар давомида ҳам “Franklin Templeton Investments, Inc.”, “Beeline Uzbekistan”, “Smart Solutions Ltd.” компанияларининг инсон ресурсларини бошқариш соҳасига оид тажрибалари тақдимот ташкил иқилинди.

Тренингнинг амалий қисми доирасида иштирокчилар Тошкент шаҳридаги IТ Парк Узбекистан фаолияти билан яқиндан танишдилар. Унда hrm.gov.uz платформаси доирасида жорий этилаётган янги модул – кадрларни танлаш жараёнида инновацион ечимлардан фойдаланиш имкониятлари тақдим этилди.
Мазкур ечимлар давлат хизматида HR-жараёнларни рақамлаштириш, танлов жараёнларида шаффофликни таъминлаш, компетенсияга асосланган саралаш тизимини ривожлантириш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган.

Шунингдек, иштирокчилар IТ Парк инфратузилмаси, стартаплар экотизими, GovTech ва HR Тech йўналишларидаги рақамли лойиҳалар, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган инновацион ташаббуслар билан танишдилар.
Мазкур тажриба давлат HR тизимида инновацион бошқарув ечимларини кенг жорий этиш, рақамли воситалардан самарали фойдаланиш ва инсон ресурсларини бошқариш сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.



ЎзА