Марказий банк мобил иловалар хавфсизлиги талабларини кучайтирди
Бугунги кунда банк хизматларининг рақамлашуви аҳоли учун қулайлик яратаётгани баробарида, киберфирибгарлик хавфини ҳам оширмоқда. Шу боис масофадан молиявий хизмат кўрсатишда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари ва маблағларини ҳимоя қилиш талаблари янада кучайтирилмоқда.
Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 3 августдаги қарори билан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизмат кўрсатишда ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган талабларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ҳужжат Адлия вазирлигида 14 август куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, 2026 йил 16 ноябрдан кучга киради.
Янги талабларга кўра, мобил иловага рўйхатдан ўтишда фойдаланувчининг ЖШШИРи унинг телефон рақами эгасининг ЖШШИРига мослиги текширилади. Агар маълумотлар мос келмаса, фойдаланувчини рўйхатдан ўтказиш ёки банк картасини мобил иловага бириктиришга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда фойдаланувчига SMS-хабар орқали маълум қилинади. Бунда яқин қариндошига расмийлаштирилган телефон рақамидан фойдаланиш ҳолатлари истисно қилинади. Қариндошлик муносабати тасдиқланган тақдирда рўйхатдан ўтиш имконияти сақланади. Мобил иловада янги фойдаланувчини рўйхатдан ўтказишда масофавий биометрик идентификациядан ўтиш талаби ҳам белгиланди. Шунингдек, мавжуд аккаунт паролини тиклаш ёки унга бошқа қурилмадан кириш ҳам биометрик идентификация орқали амалга оширилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, бундай ҳолатда аккаунтга бириктирилган барча банк карталари автоматик равишда нофаол ҳолатга ўтказилади. Карталарни қайта фаоллаштириш эса OTP-код орқали тасдиқланиши керак. Бу механизм аккаунтга бегона шахс кириб қолган тақдирда маблағларни зудлик билан бошқа ҳисобларга ўтказиб юбориш хавфини камайтиришга қаратилган.
Янги тартибда P2P — яъни картадан картага пул ўтказмалари бўйича ҳам муҳим ўзгаришлар назарда тутилган. Кредит ва тўлов ташкилотлари тасдиқлаш талаб этилмайдиган P2P ўтказмалар учун максимал лимит белгилаши шарт. Белгиланган миқдордан юқори операциялар эса мажбурий тарзда OTP-код ёки муқобил аутентификация усули орқали тасдиқланади. Шу билан бирга, веб-сайтлар орқали P2P ўтказмаларни амалга оширишга тўлиқ тақиқ жорий этилади. Яна бир муҳим жиҳат — тасдиқлаш талаб этилмайдиган ўтказмалар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари бўйича масъулият молиявий ташкилотлар зиммасига юклатилади. Бу банк ва тўлов ташкилотларини хавфларни янада пухта баҳолашга ундайди.
Янги талабларга кўра, мобил илова орқали фойдаланувчи асосан ўзига тегишли банк ҳисобварағи ва банк картасини бириктириши ҳамда P2P операцияларини амалга ошириши мумкин. Яқин қариндошлар билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно этилади. Бу талаб, аввало, банк карталаридан номига расмийлаштирилган шахсдан бошқа одамлар фойдаланиши, шунингдек, фирибгарлик схемаларида «воситачи» карталардан фойдаланиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Банк ва тўлов ташкилотлари мобил илова орқали амалга ошириладиган ҳар бир молиявий операциядан олдин фойдаланувчига огоҳлантириш хабарини кўрсатиши шарт. Ушбу хабар мижозга операцияни айнан ўзи амалга ошираётганини ва фирибгарлар аралашуви мавжуд эмаслигини яна бир бор текшириш имконини беради. Агар фойдаланувчининг қурилмасида зарарли дастур аниқланса ёки смартфон масофадан бошқарилаётгани белгилари мавжуд бўлса, ташкилот бу ҳақда PUSH ва SMS-хабар орқали зудлик билан огоҳлантириши керак.
Мобил иловаларда банк картаси эгасининг исм-фамилияси, шунингдек пул ўтказмаларида иштирок этувчи карта эгаларининг шахсий маълумотлари қисман яширилган ҳолда акс эттирилади. Бу, ўз навбатида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва улардан фирибгарлик мақсадларида фойдаланиш хавфини камайтиришга қаратилган.
Янги талабларни банк хизматларининг оддий техник янгиланиши сифатида баҳолаб бўлмайди. Уларнинг асосий мақсади — рақамли банк хизматларидан фойдаланишда «қулайлик ва хавфсизлик» ўртасидаги мувозанатни таъминлаш. Айниқса, биометрик идентификация, қурилмани алмаштирганда карталарни автоматик блоклаш, P2P операцияларини чеклаш ва зарарли дастурлар аниқланганда огоҳлантириш механизмлари фуқаролар маблағларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Аввалдан амал қилаётган 3759-сонли Низомда ҳам онлайн кредитлар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига қарши қатор кафолатлар белгиланган. Хусусан, шахс фирибгарлик натижасида номига онлайн кредит расмийлаштирилгани бўйича жабрланувчи деб эътироф этилса, кредит ташкилоти кредит ва унга ҳисобланган фоизларни ундиришни тўхтатади.
Умуман, янги талаблар Ўзбекистонда рақамли молиявий хизматлар бозори ривожланиши билан бирга киберхавфсизлик ва истеъмолчиларни молиявий фирибгарликдан ҳимоя қилиш механизмлари ҳам кучайтирилаётганини кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА