Ўзбекистон экспортчилари Германия тажрибасини ўрганмоқда
Ўзбекистоннинг ташқи бозорларга чиқишида маҳсулот сифати билан бир қаторда, унинг халқаро техник талаб ва стандартларга мувофиқлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Германиянинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар учун муҳим имкониятларни очиши мумкин.
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси вакиллари ўртасида ўтказилган онлайн учрашувда ана шу масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида стандартлаштириш, техник регламентлар, мувофиқликни баҳолаш, бозор назорати, маҳсулотлар хавфсизлиги ва савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Бугунги глобал бозорда маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас. Экспортчи корхона маҳсулотининг сифатини халқаро стандартлар асосида тасдиқлай олиши, техник регламентларга жавоб бериши ва хавфсизлик талабларига риоя қилиши керак. Шу боис техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг такомиллашуви Ўзбекистон экспортчилари учун янги бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтирувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Учрашувда миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда илғор хорижий тажрибани Ўзбекистон амалиётига жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон тадбиркорлари ва экспортчилари учун махсус амалий тренинг-семинар ҳамда давра суҳбати ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Унда Германиянинг соҳада катта амалий тажрибага эга экспертлари иштирок этиши режалаштирилмоқда.
Тадбир доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолашнинг модул тизими, бозор назорати ва маҳсулотлар хавфсизлиги бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Айниқса, мувофиқликни баҳолашнинг модул тизими бўйича тажриба алмашиш экспортчилар учун амалий аҳамиятга эга. Чунки маҳсулотнинг муайян бозор талабларига мослигини ҳужжатлаштириш ва тасдиқлаш ташқи савдода муҳим босқичлардан биридир.
Натижада маҳаллий корхоналар техник талабларни олдиндан ҳисобга олган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш, сертификатлаштириш жараёнларига тайёргарлик кўриш ва экспорт бозорларидаги техник тўсиқларни камайтириш бўйича қўшимча билимларга эга бўлади.
Германия тажрибасини ўрганишнинг иқтисодий аҳамияти шундаки, халқаро стандартларга мос маҳсулот ишлаб чиқариш экспорт ҳажмини ошириш билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ҳам кучайтиради.
Айниқса, Европа бозорларига чиқишни мақсад қилган корхоналар учун техник регламентлар, сифат стандартлари ва маҳсулот хавфсизлиги талабларини чуқур билиш муҳим. Шу маънода, Германия билан ҳамкорликни оддий тажриба алмашиш эмас, балки ўзбек маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқиш салоҳиятини оширишга қаратилган амалий механизм сифатида баҳолаш мумкин.
Томонлар келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, тажриба алмашишни кенгайтириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА