Марказий банк 21 та банкка жарима қўллади
Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси 2026 йил июнь ойида ўтказилган еттита йиғилиш давомида банк-молия тизими фаолиятига оид 34 та масалани кўриб чиқиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.
Қўмита маълумотига кўра, 22 та масала рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишига тааллуқли бўлган. Хусусан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш, банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатларини кўриб чиқиш, микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш ҳамда тўлов ташкилотларига лицензия бериш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, кредит ташкилотлари устав капиталидаги улушларга эгалик қилиш учун рухсат бериш, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга лавозимларга номзодларни маъқуллаш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишларда кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 12 та масала ҳам муҳокама қилинди. Бунда Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал нормативлари талабларига риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Назорат тадбирлари натижасида пруденциал нормативлар талабларини бузган ёки ўз фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқлаштирмаган 23 та тижорат банкига нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш берилди.
Бундан ташқари, қонунчилик талабларига риоя этмагани ҳамда инспекция текширувлари давомида аниқланган камчиликлар учун 21 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА