Узунда замонавий агромажмуа иш бошлади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда 72 та йирик инвестиция лойиҳаси ва 91 та ижтимоий соҳа иншоотини ишга туширишга бағишланган тадбир доирасида Сурхондарё вилоятида 9 та йирик инвестиция ва ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди.
Энг азиз, энг улуғ шодиёнамиз арафасида иш бошлаган инвестиция лойиҳалари сафида Узун туманидаги “Uzun AgroStar” масъулияти чекланган жамиятининг замонавий агрокомплекс мажмуаси ҳам бор.

“Миллий бренд” остида хурмо, анжир маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослашган агрокомплекс мажмуаси 2,5 гектар майдонда жойлашган. Бу ерда икки минг тоннали совутгич, ўн минг тоннали омборхона, қуритиш ва қадоқлаш биноси, мажмуа офиси, ўқув маркази, лаборатория, ётоқхона барпо этилган. Хурмо, анжир етиштириш бўйича ўқитишга ихтисослашган “Хонадон мактаби” ҳам ташкил этилган.

Агромажмуа 46,6 гектар майдонда хурмо плантацияси ва 2 гектар майдонда Хитой технологияси асосида иссиқхонада анжир етиштиришни йўлга қўймоқда.
Компания шунингдек, юқори ҳосилдор хурмо кўчатларини етиштириш ва замонавий боғ ташкил этиш хизматини ҳам кўрсатиб, ер майдонларини ўрганиш, экиш схемаси, суғориш ва парваришлаш бўйича маслаҳат беради. Анжир етиштиришни йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркор ва фермерларга замонавий ва интенсив агротехнологияларни жорий этиб, иссиқхона ёки очиқ шароитда кўчат экиш, парваришлаш, озиқлантириш, суғориш ва ҳосилга тайёрлаш жараёнларини ўргатади.

Янги лойиҳа йилига 350 миллиард сўмдан ортиқ саноат маҳсулоти ишлаб чиқариб, 20 миллион долларлик маҳсулотни хорижга экспорт қилади. Ўртача 8,5 миллиард сўм бюджет тушумини таъминлаб, 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири