Маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланган юртнинг маънавий қудрати
Шу йилнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилиши анча йиғилиб турган ҳаётий муаммоларни маънавият ва маърифат орқали енгишимизга бағишланди. Эътиборли жиҳати, юртимизда ушбу кенгаш раиси Президент ҳисобланади.
Ҳудудларда эса биринчи раҳбарлар бу масала учун масъул этиб белгиланган. Чунки илм-фан, таълим-тарбия, маънавият биз учун муҳим. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодимизга миллий қадриятларимиз, ўзлигимизни англатиш долзарб масаладир.
Тадбир иштирокчиси сифатида давлатимиз раҳбарининг бугунги глобаллашув жараёнларида шиддат билан кириб келаётган янги турли ёт ғоялар ҳақидаги фикрлари барчани ўйлантириши билан бирга, жипслашиб, курашишга ундади. Эътиборли жиҳати, Президентимиз таъкидлаганидек, бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда.
“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти”, деган ҳақли эътироз барчамизни ҳушёрликка ундади. Барча соҳа вакилларини тарихан қандай бебаҳо, бағрикенг, диёнатли халқ бўлганимизни яна бир бор эслашга, уларни ёш авлодга етказишга, ўзбек халқининг беқиёс олижаноблик хислатларини саҳнада, асарда, маърифий тадбирларда янада жонлантиришга чорлади.
Тассаввур қилинг, бу буюк мутафаккирларимиз Абу Наср Форобий қарашларида фозил инсон, фозил шаҳар, фозил шаҳар аҳолиси деб қайд этилган бўлса, қомусий олим Абу Али Ибн Синода ахлоқ ва унинг оиладан бошланиши маърифатли давлатга етказиши илгари сурилган. Абу Райҳон Беруний қарашларида ҳар қандай жиноят ва жаҳолат илмсизликнинг оқибатида деб илгари сурилганки, ушбу ғоялар маънавий илдизларимизнинг чуқур ва узоқ тарихга эгалигининг исботидир.
Иккинчидан, буюк ҳадисшунос олим Имом ал-Бухорий ҳадисларидаги инсонийлик, одиллик, ҳалоллик, ватанпарварлик ғояларининг ўзи олий ҳикматдир. Шундай буюк меросимиз бўлсаю, лекин биз ундан оқилона фойдалана олмасак, атрофимизда турли ёт ғояларни, жаҳолатни тарғиб этгувчилар кўпайишига олиб келади. Шундай экан, бугун ижтимоий тармоқларда ҳам, барча чиқишлару мақолаларда ҳам, болажонлар учун яратиладиган адабиётларда ҳам ҳақиқий тарихимизнинг бой қирраларини, Тўмарису Широқдан тортиб, жадид маърифатпарварларимиз ёшлиги ва ҳаётини кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир.
XIX аср охири XX аср бошларида “Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юксак ўрин тутган сиймолардан бири” – Маҳмудхўжа Беҳбудий буюк миллатпарвар ва ватанпарвар сифатида ўзбек маърифатпарварларининг олдинги сафларида бўлиб, у ўз маслакдошлари сингари миллатнинг сиёсий онги ва тафаккурини ўстиришнинг асосий йўллари сифатида янги усулдаги мактаблар очиш ва бу мактаблар учун дарсликлар яратиш, матбуотни йўлга қўйиш ва шу орқали ўзбек тилини шакллантириш, адабий тил меъёрларини яратишдек энг муҳим ишларга улкан ҳисса қўшди. Бу буюк миллатпарвар орзу қилган мактаблар янги Ўзбекистонда яратилди: Президент мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар шулар жумласидандир.
Шунингдек, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда 837 та маданият марказининг фаолияти жуда муҳим. Уларда 4 мингга яқин тўгарак фаолият кўрсатмоқда, 120 мингдан ортиқ ёшлар шуғулланаётгани ҳам янги қадамларнинг амалий исботи.
Таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юз минглаб ўғил-қизларимиз юртимиздаги барча таълим муассасалари ва ҳатто хорижий мамлакатлар олий ўқув юртларининг филиалларида таълим олиш билан бирга, хорижий тилларни пухта ўргандилар ва яна ҳам ўрганишда давом этмоқда. Қувонарлиси, IELTS синовидан 9 баллни қўлган киритган ёшларимиз бор. Яқинда Бухоро вилоятида маънавий-маърифий тадбирларда юрганимда, уч фарзанднинг отаси Қаҳрамон Турсунов учала фарзанди ҳам инглиз тилидан 8 ва 9 баллни қўлга киритгани, давлатимиз раҳбаридан “Мард ўғлон” давлат мукофотини олганини оталик қувончи ила гапирдики, бундай ёшлар Учинчи Ренессанс эшигини очишга шай ёшлардир.

Шундай шароитлардан унумли фойдаланиб, тил билиб, дунёни лол этаётган, яхши ният қилиб чет тилини қунт билан ўрганаётган бугунги авлод, албатта, истиқболимиз ва Учинчи Ренессанснинг ҳақиқий қурувчилари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирларимизнинг янги ворисларидир.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилинишини таъкидлади. Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Санъат музейининг янги бинолари барпо этилиши, Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейлари экспозициясининг янгиланиши, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланиши буюк меросимизга бўлган катта эътибордир. Музейларимизда, хусусан, Ислом цивилизацияси марказида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, давлатчилик тарихи ва буюк алломалар фаолияти бўйича янги экспозициялар ташкил қилиниши ҳам бежиз эмас.
Франция билан ҳамкорликда Миллий реставрация маркази фаолияти йўлга қўйилади. Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифалари консервация қилиниши — диний қадриятларнинг улуғворлигини таъминлайди.
Юртимизнинг кўҳна тарихига бағишланган 18 та археология ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилиши, Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур боғлари қайта тикланиши, “Буюк ипак йўли” музейи барпо этилиб, Бибихоним мажмуаси реставрация қилиниши ўзбек давлатчилигининг янги қиёфасини ёш авлод кўз олдида гавдалантиришига аминмиз.
Президентимиз маърузасида кино санъатига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада “Тирик тарих” сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилиши, унга хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар ҳам жалб этилиши айтилди. Энг эътиборлиси, болалар учун буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратиш зарурлиги таъкидланди.
Буларнинг барчаси йиллар давомида армон бўлиб юрган ўйларимизни топтаб, янгилик нури билан тўлдирди. Дарҳақиқат, фарзандларимиз Широқ ва унинг қаҳрамонлиги, Тўмариснинг ватанпарварлиги, Алпомишдек жасурлик фазилатлари билан болаликдан қуроллантирилса, имом Бухорийнинг ёшлигию ҳадисларни ёд олиши ва шарҳлашини, Ибн Синонинг болалигию илм-фанга қизиқишини ўрганиш билан бирга, уларга муносиб ворислик туйғусини шакллантириши табиий. Юртимизнинг бепоён тоғу даштлари, чўлу биёбонларида тарихийлик касб этадиган жойлар кўп. Улардан унумли фойдаланиб, болажонларга муносиб тарихий фильмлар яратиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада кинони иқтисодиёт билан уйғун ривожлантириш мақсадида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида “эркин иқтисодий киноҳудудлар” барпо этиш вазифаси қўйилгани диққатга сазовордир.
Шунингдек, 2024 йили Ўзбекистонда Халқаро болалар адабиёти кўргазмаси ташкил қилиниши, бу ишда фаол таржимонлар учун Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилиши мазмунли ва сифатли болалар адабиётлари кўпайишига олиб келади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак. Шу боис ҳам ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиши маълум қилинди. Маънавий ва маърифий соҳадаги ташаббуслар ҳар биримизни бутун илму шижоат ила бирлашиб, буюк халқнинг маънавий қудрати ила дунёга олиб чиқишга ундайди.
Фируза Муҳитдинова,
ТДЮУ профессори