12 йиллик учрашувда глобал экологик масалалар муҳокама қилинди
Самарқандда ўтказилаётган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар атроф-муҳит вазирларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ташкилотга аъзо давлатлар делегациялари, ташкилот котибияти раҳбарияти ва ҳамкор халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этди.
– Бугунги учрашувимизнинг аҳамиятли томони шундаки, 12 йил ичида биринчи марта ИҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳит вазирлари замонавий экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун йиғилдик, – деди тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов. – Бугун дунё миқёсида глобал экологик масалалар кун тартибига чиқаётган бир пайтда минтақамиздаги мамлакатлар ўртасида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма экологик ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш, билим ва инновациялар, энг яхши амалиётларни алмашиш барчамиз учун жуда муҳим ҳисобланади.
Йиғилишда ИҲТнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича доиравий дастури, иқлим ва биохилма-хиллик бўйича иш дастурлари ва Самарқанд декларацияси муҳокама қилинди. Чўлланишга қарши курашиш, илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор ўрмон хўжалигини бошқариш, қум ва чанг бўронларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон томони минтақавий экологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича асосий ташаббусларни тақдим этди. Хусусан, “Green University” қошидаги чўлланишга қарши кураш ва чўл иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти фаолияти, шунингдек, Ўзбекистоннинг ИҲТ мамлакатлари билан илмий тадқиқотлар, технологиялар алмашинуви ва қўшма синов лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги қайд этилди.
Бундан ташқари иштирокчиларга ИҲТга аъзо давлатлар учун 2026-2030 йилларга мўлжалланган, чўл ҳудудларида ўрмонзорларни барпо этишга қаратилган трансчегаравий “Яшил дастур” ишлаб чиқиш ташаббуси тақдим этилди. Ўзбекистон томони, шунингдек, ташкилотнинг атроф-муҳитга оид ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги платформаси доирасида қум ва чанг бўронлари учун минтақавий эрта огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Учрашув якунида иштирокчилар ИҲТнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган Атроф-муҳит бўйича ҳамкорлик доиравий дастурини ва унинг тематик иловаларини, жумладан, иқлим ўзгариши ва биохилма-хиллик бўйича иш дастурларини маъқуллади. Минтақавий экологик ҳамкорлик бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири