Маънавий ва сиёсий моҳиятни англашга хизмат қилувчи таҳлилий мақола
Муносабат

Яқинда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Тарих учун 35 йил катта муддат бўлмаслиги мумкин. Аммо халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан, миллий давлатчилигимиз тикланган бу даврнинг ҳар бир йили мазмун-моҳияти билан юксак аҳамият касб этади.
Мустақил давлат сифатида шаклланиш, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан тенг ҳуқуқли давлат сифатида сўз айтиш имкониятига эга бўлиш мамлакатимиз янги тарихининг муҳим саҳифаларини ташкил этади. Айниқса, кейинги ўн йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш ва давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шу маънода, таниқли сиёсатшунос, сенатор Қудратилла Рафиқов муаллифлигида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинган “Миллат шавкати” мақоласи жамоатчилик томонидан қизиқиш билан кутиб олинган муҳим таҳлилий чиқишлардан бири бўлди.
Муаллиф мамлакатимизда кечаётган янгиланишларни фақат иқтисодий ёки сиёсий жараён сифатида эмас, балки халқ тафаккури ва жамият онгидаги ўзгаришлар сифатида таҳлил қилади. Мақолада бугун ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётига кириб борган ислоҳотларнинг илдизлари, уларнинг шаклланиш жараёни ҳамда ҳаётий асослари ҳақида мушоҳадалар баён этилган.
Айниқса, Жиззах вилояти мисолида келтирилган далиллар мазкур ўзгаришларнинг амалий самарасини яққол намоён этади. Саноатнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши икки баравардан зиёд ошгани, ишсизлик ва камбағаллик даражаси сезиларли қисқаргани, экспорт ҳажми кўпайгани ислоҳотлар натижасининг аниқ кўрсаткичларидир.
Бугун вилоятда маҳаллаларнинг иқтисодий ихтисослашуви бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Боғдорчилик, чорвачилик, саноат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳалари бўйича янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Инфратузилмани яхшилаш, йўл, ичимлик суви ва электр таъминотини ривожлантиришга қаратилган дастурлар аҳоли ҳаёти сифатига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Умуман, мамлакатимиздаги шаҳарсозлик ва бунёдкорлик ишларига назар ташласак, қайси ҳудудга борманг, янги корхоналар, ижтимоий объектлар, турар жойлар ва замонавий инфратузилма барпо этилаётганини кўрамиз. Бу жараёнлар халқимизга хос яратувчанлик ва бунёдкорлик анъаналарининг замонавий давомидир.
Ривожланган давлатлар тарихига назар солинса, уларнинг бугунги тараққиёт даражасига етиши осон кечмаган. Бунинг учун йиллар, ҳатто асрлар талаб этилган. Шу нуқтаи назардан қараганда, юртимизда тарихан қисқа муддатда қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятлар биз учун айниқса қадрлидир.
Қудратилла Рафиқов мақоласида иккинчи жаҳон уруши йилларида Буюк Британия Бош вазири бўлган Уинстон Черчиллнинг: «Биз улкан воқеликлар ва майда одамлар даврида яшамоқдамиз», деган машҳур фикри келтирилади.
Бу ерда Черчилл муайян миллат ёки ижтимоий қатламни эмас, балки катта тарихий синовлар олдида масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлмаган, давлат ва жамият манфаатларидан кўра шахсий манфаатни устун қўядиган, стратегик фикрлаш ва сиёсий иродадан маҳрум кимсаларни назарда тутган эди.
Тарих шуни кўрсатадики, ҳал қилувчи даврларда популистик шиорлар билан майдонга чиқадиган, аммо мамлакат тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр бўлмаган кучлар ҳам пайдо бўлади. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда ҳам бундай ҳолатлар кузатилгани сир эмас.
Афсуски, бугун ҳам хориждаги айрим манбалар кўмагига таяниб, ҳар қандай ўзгариш ва янгиланишни қоралашни ўзига мақсад қилиб олган шахслар учраб туради. Энг ачинарлиси, улар танқидни тараққиёт манфаатларига хизмат қилдириш ўрнига, баъзан Ватан манфаатларига қарши қўйишга уринадилар. Бироқ ҳаётнинг ўзи бундай қарашларга жавоб бермоқда. Президентимиз сиёсий иродаси билан камбағаллик, ишсизлик, миграция, ижтимоий ҳимоя каби долзарб муаммолар очиқ тан олинди ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ дастурлар амалга оширилмоқда. Бир пайтлар яширин равишда меҳнат миграциясига чиқишга мажбур бўлган юртдошларимиз учун давлат ҳимояси, тил ва касб-ҳунар ўқитиш тизими яратилди, уларни ривожланган мамлакатларга уюшган ҳолда ишга юбориш амалиёти йўлга қўйилди.
Бугун жамиятимиз тараққиётининг бош мезонига айланган «Инсон қадрини улуғлаш» тамойили ҳаётимизнинг барча соҳаларига чуқур сингиб бормоқда. Шу боис бу улуғ ғояни тор ёки бирёқлама талқин қилишга уринишлар ҳаёт ҳақиқатига зид кўринади.
Тўғри, ҳали муаммолар бор. Уларни ҳеч ким инкор этаётгани йўқ. Аксинча, очиқ тан олиниб, уларни бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг муҳим хусусияти ҳам айнан шунда — муаммони яшириш эмас, уни ҳал этишга интилиш.
Шу маънода, “Миллат шавкати” мақоласи нафақат муайян воқеалар ёки шахсий фазилатлар ҳақидаги мулоҳаза, балки Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий ва сиёсий моҳиятини англашга хизмат қилувчи муҳим таҳлилий қарашдир.
Бугун мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, қурилишлар, янги иш ўринлари, замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, обод маҳаллалар кўзга ташланади. Энг муҳими, бу ўзгаришлар фақат рақамларда эмас, одамларнинг кайфияти, дунёқараши ва эртанги кунга бўлган ишончида намоён бўлмоқда.
Ана шу жиҳат ислоҳотларнинг ҳақиқий қудратини белгилайди. Чунки ҳар қандай ўзгариш инсон қалбидан жой олгандагина унинг орқага қайтишига йўл қолмайди.
Эркин ХОЛМАТОВ,
ЎзЛиДеП Жиззах вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари
ЎзА