Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича ишлар қониқарлими?
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланган.
Айниқса, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш кўзда тутилган.
Ҳар қандай ноқонуний ҳолатлар юзасидан мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш тизимини яратиш, бу борадаги фаолиятни бевосита жойларда самарали йўлга қўйиш орқали аҳоли розилигига эришиш муҳим мақсад сифатида белгиланган.
Қарор ижросини таъминлаш бўйича прокуратура органлари бошқа ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари билан ҳамкорликда изчил ишларни амалга оширмоқда.

Бош прокуратурада қарор ижроси бўйича Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Унда Бош прокуратуранинг тегишли бошқармалари бошлиқлари ва масъул ходимлари, Ички ишлар, Адлия, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий гвардия, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Ёшлар ишлари агентлигининг соҳага масъул ўринбосарлари ва ходимлари шунингдек, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Криминология тадқиқот институти, Жамоат хавфсизлиги ва Тошкент давлат юридик университети раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг ҳудудларга чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлари натижасида аниқланган муаммоли масалаларга эътибор қаратилди.
Хусусан, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, ижтимоий профилактика тадбирларини жадаллаштириш, жамоат тартибини сақлаш, маҳаллаларда “намунавий хавфсиз кўча” ва “хавфсиз уй”лар барпо этилишида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш юзасидан вазирликлар, идоралар ва илмий таълим муассасаларининг таклифлари кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида штаб йиғилишининг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА