Маҳаллаларда хавфсиз муҳит қандай таъминланаётгани сенаторлар эътиборида
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январдаги қарори билан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда профилактика ишларининг самарадорлигини ўрганишга қаратилган амалий ишлар йўлга қўйилди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида қарор ижроси доирасида ўрганиш ўтказилди. Унда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Ишчи гуруҳ тумандаги штаб фаолияти билан танишиб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, профилактика ишларини манзилли ташкил этиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳамда мутасадди идоралар ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ўрганди.

“Йўлдош” ва “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғинида хавфсиз муҳитни таъминлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ижтимоий профилактика, ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, рақамли назорат воситаларини жорий этиш масалалари ҳамда маҳалла еттилиги фаолияти кўздан кечирилди.
Маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ва соҳа мутасаддилари иштирокида ўтказилган мулоқотда аҳолини қийнаётган муаммолар, уларни бартараф этиш механизмлари, қонунчиликни қўллаш амалиётидаги айрим масалалар ҳамда уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Ўрганишлар давомида хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, шунингдек, таълим муассасалари, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида билдирилган таклифларни атрофлича ўрганиш, зарур ҳолларда уларни қонунчиликни такомиллаштириш жараёнида инобатга олиш ҳамда масъул ташкилотлар томонидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА