Маҳалла сервис компанияси аҳоли хизматида
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори маҳаллаларни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишнинг янги механизмларини жорий қилиш, аҳоли ва коммунал хизмат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда аҳолини маҳалла ободлигига кенг жалб қилишда дастурул амал вазифасини ўтамоқда.
Ушбу қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам маҳаллалар ободлиги билан шуғулланувчи “Маҳалла сервис компанияси” фаолияти йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Тўрткўл туманидаги “Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган “Зиёкор МСК” сервис компанияси бугун маҳалла ободлиги ва аҳоли фаровонлиги йўлида сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.
2025 йилда давлат томонидан мазкур компания учун алоҳида ер майдони ва 350 миллион сўм маблағ ажратилган эди. Яқинда “Stroy Голд” масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан замонавий талабларга мос равишда қурилган компаниянинг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Давлат томонидан маҳалла сервис компанияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 11 турдаги зарур асбоб-ускуна ва техникалар бепул тақдим этилди. Эндиликда маҳалла аҳли турли маиший муаммолар учун узоққа бориши шарт эмас.
“Зиёкор МСК” аҳолига электрик ва сантехник хизмати, ерга ишлов бериш ва кўчат экиш, маиший техника ва мебелларни таъмирлаш, қуёш панелларини ўрнатиш, тандир, ўчоқ ва иситиш қозонларини ясаш, гилам ювиш ва ҳашаротларга қарши дорилаш, уйларни таъмирлаш ва деворларга ранг бериш каби йўналишларда хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, сервис компанияси маҳалла ҳудудининг доимий озодалиги ва ободлигига ҳам масъул этиб белгиланган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.