“ACWA power Kungrad wind”: тадбиркорлар кўргазмаси ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида “Acwa power Kungrad wind” лойиҳаси доирасида тадбиркорлар иштирокида кўргазма ташкил этилди.
Унда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар, мебель саноати вакиллари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчилар ҳамда замонавий технологиялар, жумладан, қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар доирасида халқаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар нафақат энергия ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга, балки маҳаллий ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам кенг имкониятлар яратмоқда.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаевнинг Саудия Арабистони “ACWA Power” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлари билан учрашувда мазкур компания томонидан шамол электр станциясини қуриш бўйича республика ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, истиқболли лойиҳаларни янада кўпайтириш, шунингдек, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, “Нукус-1” лойиҳаси доирасида қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станцияси барпо этилди. Шунингдек, Беруний туманида “Нукус-2” лойиҳаси доирасида қиймати 260 миллион АҚШ долларлик 200 мегаваттлик шамол электр станцияси ва 100 мегаваттлик энергия сақлаш тизими қурилмоқда. Бундан ташқари, Қўнғирот туманида 2000 мегаваттлик шамол электр станцияларини қуриш бўйича амалий ишлар бошланди.
[gallery-28765]
Кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва инвесторлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги лойиҳаларни шакллантириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбиркорлар учун янги бозорлар очиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Тадбирда бундай учрашув ва кўргазмалар маҳаллий бизнес вакилларининг ташқи бозорга чиқишида муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. Энг асосийси, улар орқали миллий маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлиги ошиб, юртимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига мустаҳкам замин яратилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.