Маҳалла раислари малака оширди
Маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини оширишга бағишланган ўқув-амалий семинарда Тошкент шаҳри маҳалла раислари иштирок этди. Коррупцияга қарши кураш, рақамлаштириш ва ёшлар билан ишлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар” оромгоҳида маҳалла тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг етказиш ҳамда маҳаллаларда натижадорликни кучайтириш мақсадида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда маҳалла тизими олдида турган долзарб вазифалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этишга қаратилган қатор мавзулар муҳокама қилинди.

Тадбирда масъул мутахассислар томонидан маърузалар, очиқ мулоқотлар ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги қонунчиликда маҳаллалар фаолиятига оид белгиланган ҳуқуқ ва ваколатлар, масъулият ҳамда вазифалар юзасидан билимларини мустаҳкамлади.
Семинарда коррупцияга қарши курашиш, хизмат фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш ҳамда маҳалла раисининг шахсий масъулиятини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада иштирокчиларга амалий тавсиялар ва зарур кўрсатмалар берилди. Ўқув машғулотларининг муҳим қисми аҳоли муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш, фуқаролар билан самарали мулоқот ўрнатиш ва давлат органлари ҳамда жамоатчилик институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мавзуларига бағишланди. Таъкидланганидек, бундай ёндашув маҳаллаларда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳолининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш ҳамда жойлардаги муаммоларни тезкор ҳал этиш имконини беради.

Шу билан бирга, “Рақамли маҳалла” платформасини кенг жорий этиш, қоғозбозликни қисқартириш, электрон бошқарув тизимларидан самарали фойдаланиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва даромад манбаларини кўпайтиришга қаратилган вазифалар бўйича тажриба алмашилди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликнинг олдини олиш, хавфсиз ва осойишта маҳалла муҳитини яратиш ҳам семинарнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Иштирокчилар ёшлар билан ишлашнинг самарали усуллари, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка йўналтириш борасидаги илғор тажрибалар билан танишди.
Шунингдек, маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ва маҳаллаларда Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Якунда иштирокчиларнинг эгаллаган билим ва кўникмалари сарҳисоб қилиниб, келгусидаги фаолиятда қўллаш учун тавсиялар берилди.
А.Мусаев, ЎзА