Оҳангарон пиёзи — даладан экспорт бозорларигача
Айни кунларда Оҳангарон туманининг эртаки пиёз етиштиришга ихтисослашган ҳудудларида ҳосил йиғим-терими қизғин паллага кирган. Деҳқон ва фермерлар бир неча ойлик машаққатли меҳнат самарасини йиғиштириб олиш билан бирга, маҳсулотни сифатли сақлаш ва ташқи бозорларга етказиб бериш вазифаларини ҳам амалга оширмоқда.
Бу манзилда мавсумий ишчилар, юк ташувчилар ва автотранспорт ҳайдовчилари учун овқатланиш, зарур пайтда дам олиш ҳамда далаларга қатнаши учун барча шароит яратилган. Шунингдек, ҳосилни йиғиш, саралаш, қоплаш ва ташиш ишларини мувофиқлаштириш ҳам айнан ушбу штаб орқали амалга оширилмоқда. Бу эса ишлар самарадорлигини ошириш ва маҳсулотни ўз вақтида экспортга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Аввало, махсус техникалар ёрдамида ердан ковлаб олинган ҳосил мавсумий ишчилар томонидан сараланиб, қопларга жойланади. Кейин эса енгил юк ташувчи транспортлар орқали маҳсулот йирик юк машиналарига етказилади. Бу жараёнда ҳар бир қопга махсус ёрлиқ бириктирилиб, маҳсулотнинг келиб чиқиши ва ҳаракатини назорат қилиш имконияти яратилади.


Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда фитосанитар хавфсизлик муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Оҳангарон туманида экспортга тайёрланаётган ҳар бир маҳсулот партияси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан синчиклаб текширилмоқда. Карантин инспекторлари маҳсулотларни кўрикдан ўтказиб, тегишли ички фитосанитария сертификатларини расмийлаштирмоқда.


Шунингдек, маҳсулот етиштирилган ҳар бир майдоннинг ID рақами “Дала назорати” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиляпти. Бу эса маҳсулотнинг қайси ҳудудда етиштирилгани, унинг сифати ва хавфсизлиги ҳақидаги маълумотларни электрон тарзда кузатиш имконини беради. Мазкур тизим орқали расмийлаштирилган ҳужжатлар маҳсулотларни ташқи иқтисодий фаолият масканларига йўналтиришда муҳим аҳамиятга эга.

– Таъкидлаш лозимки, Оҳангарон тумани кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш бўйича юқори натижаларга эришиб келмоқда, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Оҳангарон тумани бўлими раҳбари Бобур Мирзаев. – Жорий мавсумда туманда 2 минг 500 гектар майдонда пиёз экини парвариш қилинди. Ҳосилдорликни ошириш мақсадида зарур агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилди. Натижада юқори сифатли ва экспортбоп маҳсулот етиштиришга эришилди.

Ҳудудимизда 2026 йил учун 15 минг тонна пиёз маҳсулотини экспорт қилиш режаси белгиланган. Бу вазифани амалга ошириш мақсадида фермер хўжаликлари ва экспортёр корхоналар томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Май ойи якунига қадар тумандан 4 минг 500 тонна пиёз экспорт қилиниб, йиллик режанинг салмоқли қисми бажарилди. Ушбу маҳсулотлар 1 минг 500 гектар майдонда етиштирилган ҳосил ҳисобига шакллантирилгани эътиборлидир. Муҳими, бу далаларда асосан томчилатиб суғориш технологияси кенг қўлланилади. Бу орқали ортиқча сув сарфининг олди олинмоқда.
Мутахассислар фикрича, ҳосил йиғим-терими ишлари тўлиқ якунлангунга қадар экспорт ҳажмлари янада ортиши кутилмоқда. Бу нафақат туманнинг экспорт салоҳиятини оширади, балки фермерлар даромадларининг кўпайишига, аҳоли бандлигининг таъминланишига ва янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилади.
Умуман олганда, Оҳангарон далаларида етиштирилаётган пиёз нафақат ички бозор эҳтиёжини таъминлаш, балки ташқи бозорларда ҳам миллий маҳсулотларимиз нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшяпти. Даладан бошланган меҳнат самараси бугун дунё бозорлари сари йўл олмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-H2fVPhDns4" title="IMG 2844" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Мусаев, ЎзА