Маҳалла раиси беш йилда бешта кўприк қурилишига бош бўлди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани Инкобод маҳалласидаги шифобахш минерал сувни излаб, Омонхона қишлоғига келганлар яхши билади. Маҳалла тоғли адирликда жойлашган. Қишлоқ ва кўчаларни сою жилғалар ажратиб туради. Қиш ва баҳор фаслларида маҳалладаги кўчаларнинг аҳолиси кўприкка эҳтиёж сезиб қолади. Тоққа баҳорнинг ёмғири ёғдими, бу тарафлардаги сою жилғаларда тўлиб сел оқади.
Инкобод маҳалласи тоғлар қўйнидаги олтита қишлоқдан ташкил топган сўлим гўша. Асли касби ўқитувчи бўлган Сирожиддин Шоймардоновнинг маҳаллага раис этиб сайланганига беш йилдан ошди. Шу йилларда у ҳудудда ҳашар йўли билан барпо этилган бешта кўприк қурилишига бош бўлди. Одамларнинг бошини бириктириб, қишда сойларни қоплайдиган оппоқ қор ва муздан, баҳор фаслида селдан азият чекиб келаётган аҳолининг оғирини енгил қилди, мушкулини осонлаштирди.
Ташаббускор маҳалла раиси Омонхона қишлоғидаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори бўлди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида меҳнат қилди. Қаерда ва қайси вазифада ишламасин, халқ кўнглидан жой топди. Ташаббускорлиги билан элга танилди. 2022 йил май ойида маҳалла раиси этиб сайланди.

–Ўшанда маҳалла еттита жиноят билан “қизил” тоифада эди,–дейди Сирожиддин Шоймардонов. – Олтита қишлоқнинг 24 минг 707 гектар ер майдони бор. Ҳар бир қишлоқ билан танишиб, муаммоларини ўргандим. Жиноятга мойиллиги бор шахсларнинг дарду ташвишларини эшитдим. Ўзининг туристик салоҳияти билан танилган Омонхона, Зовбоши ҳудудлари ҳам бизнинг маҳаллага қарайди. Барчанинг бошини бириктириб, муаммоларни биргаликда ҳал этиш йўлларини кўраяпмиз. Маҳалламиз ҳам жиноятдан холи, “яшил” ҳудудга айланди.
Маҳалладаги 1 минг 78 хонадонда беш мингдан ортиқ киши яшайди. Уларнинг аксарияти ҳаётда турли муаммоларга дуч келади. Бироқ қишлоқ ва кўчаларни бир-бири билан қишин-ёзин бехавотир боғлаш учун замонавий кўприк қурилиши муҳим масалалардан бирига айланиб қолган. Бу ёғи узоқ-яқиндан келадиган сайёҳларга ҳам сойлардан ўтишда қулай шароит яратиш лозим.

Ўтган беш йилда маҳаллада қад ростлаган кўприкларнинг бешинчиси Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди. У маҳалла ҳудудини Юқори гузар қишлоғи билан боғлади. Инкобод сойида қурилган кўприкнинг узунлиги 28 метр, эни 3 метр, баландлиги 7 метрни ташкил этди. Бу қишлоқда 400 га яқин киши истиқомат қилади. Кўп йиллик орзуси ушалган қишлоқ аҳлига кўприкнинг фойдаланишга топширилиши ўзгача қувонч ва фахр улашди.
–Устунлари мустаҳкам янги кўприк халқимизнинг эзгу ниятлари ва бирлиги, давлатимизнинг қишлоқ одамларига кўрсатаётган ғамхўрликлари самарасидир, – дейди меҳнат фахрийси Ўғлон момо Мамаражабова.– Маҳалламиз раиси одамларнинг бошини бириктириб, савобли ишни амалга оширди. Элимиз орасида азиз бўлди. Авваллари сойдан ўтиш қатор қийинчиликларни юзага келтирган бўлса, энди бу қийинчиликлар ортда қолди. Бу қулайликдан ёшу кексанинг қувончи чексиз. Илоҳим, юртимиз тинч, фаровон, маҳалламиз обод бўлавеерсин!

Ҳашар йўли билан қурилган янги кўприк учун уч юз миллион сўм атрофида маблағ сарфланди. Туман ҳокимлиги ҳам ҳомийлик қилди.
Сирожиддин Шоймардоновнинг айтишича, маҳаллада ҳашар йўли билан яна иккита кўприк қад ростламоқда. Уларнинг бири Омонхона туризм қишлоғини Саҳобалар зиёратгоҳи билан боғлайди.
Омонхона қишлоғига Туризм ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси “Туризм қишлоғи” мақомини берган. БМТ Туризм ташкилотининг “Ривожлантириш дастури”га киритилган. Айни пайтда “Омонхона” туризм маркази бунёд этилмоқда. Баҳордан кеч кузгача қишлоқ сайёҳлар билан гавжум бўлади. Янги кўприкнинг ишга туширилиши бу ерга келган туристларнинг зиёратгоҳ тарафларга эмин-эркин ҳаракатланишига янги қулайлик яратади.

Мабода йўлингиз тушиб, Бойсун тарафларга келсангиз, Инкобод маҳалласида бўлиб, Омонхонада амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишиб, шифобахш булоқ сувидан баҳра олинг. Зовбоши тарафларнинг табиат гўзалликларидан завқу шавқ туйинг. Қишлоқлардаги меҳмон уйларида тунаб, уларнинг ҳаёт тарзи билан танишинг. Саёҳат чоғида маҳаллада ҳашар йўли билан қурилган замонавий кўприклар сизнинг ҳам узоғингизни яқин қилиб, қувончингизга қувонч улашади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири