Маҳалла аҳолисига тиббий кўмак
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятининг аҳоли билан бевосита мулоқотини таъминлаш, уларнинг тиббиёт соҳасига оид мурожаат ва таклифларини ўрганишга қаратилган сайёр қабули Дўстлик туманида ўтказилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Махмарасул Умаровнинг навбатдаги сайёр қабули Саритепа маҳалласидаги 11-сонли оилавий поликлиникада ташкил этилди. Унда маҳалла аҳолисининг соғлиғи билан боғлиқ масалалари, тиббий хизмат кўрсатишга оид муаммо ва таклифлари тингланди.

Мурожаатлар юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди. Аҳоли томонидан кўтарилган масалаларнинг ижобий ҳал этилиши бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Сайёр қабул доирасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган тиббий тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят тиббиёт муассасаларининг етакчи мутахассислари иштирокида Саритепа маҳалласи аҳолиси учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди.

Кўрик жараёнида фуқароларнинг саломатлик ҳолати мутахассислар томонидан ўрганилди. Шунингдек, ОИВ инфекцияси, вирусли гепатит В ва С турларини аниқлаш учун экспресс тестлар ўтказилди.
Тадбир доирасида беғараз қон топшириш акцияси ҳам ташкил этилди. Умуман, қарийб 200 нафарга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.

Кўрик натижалари асосида зарур тиббий тавсиялар берилди. Фуқароларга бепул дори-дармонлар етказиб берилди, амбулатор ва стационар даволаниш учун тавсиялар тақдим этилди.
Шу билан бирга, аҳолига касалликларнинг олдини олишда кундалик ҳаёт тарзи, овқатланиш маданияти ва тиббий билимларнинг аҳамияти тушунтирилди. Хусусан, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилиш ва тиббий маданиятни ошириш бўйича батафсил тушунчалар берилди.

Бундай сайёр қабул ва тиббий кўриклар аҳолига тиббий хизматни янада яқинлаштириш, мурожаатларни жойида ўрганиш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика ишларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари