Қиш тайёргарликни яхши кўради
Қиш фасли эшик қоққанда эмас, унинг совуғи ҳали сезилмай турган пайтда тайёргарлик кўриш — энг тўғри қарор. Айниқса, минглаб хонадонлар тақдири, уларнинг иссиқлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларда ҳар бир кун, ҳар бир километр қувур, ҳар бир газ жиҳози муҳим аҳамият касб этади.
Бугун Бухоро вилоятида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳоли хонадонларини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар замирида давлат раҳбарининг аҳоли фаровонлиги, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, коммунал инфратузилмани модернизация қилиш ва қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга қаратилган ташаббус ва топшириқлари мужассам. Зеро, аҳоли хонадонларида қишнинг совуғи эмас, иссиқлик ва хотиржамлик устун бўлиши керак.
Бугун “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали олдида турган асосий вазифалардан бири — куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни газ билан узлуксиз ва хавфсиз таъминлаш.
Вилоятда 165 мингдан ортиқ суюлтирилган газ, 320 мингга яқин табиий газ истеъмолчиси мавжуд. Бу рақамлар ортида юз минглаб оилалар, хонадонлар ва инсонларнинг кундалик ҳаёти, иссиқлиги ва хотиржамлиги турибди. Шу боис мавсумга тайёргарлик оддий техник иш эмас. Бу — аҳоли хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган улкан масъулият.
Жорий йилда режага мувофиқ 130 километр газ қувурини реконструкция қилиш белгиланган. Бугунга қадар 85 километрдан ортиқ тармоқ модернизация қилинди.
Шунингдек, 96 километр газ қувури эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди, 11 та газ маромлаш қурилмаси мукаммал таъмирланди, қарийб 3 мингта қурилма тафтишдан ўтказилди. Буларнинг ҳар бири қиш фаслида газ таъминотида узилишлар ва техник носозликларнинг олдини олишга қаратилган муҳим чоралардир.
Энергия ресурсларидан самарали ва хавфсиз фойдаланишда газ таъминоти тизимининг замонавий талабларга мослиги алоҳида аҳамиятга эга. Шу мақсадда вилоятда 21 мингдан ортиқ истеъмолчининг табиий газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилди. Бу нафақат газ таъминоти барқарорлигини ошириш, балки тармоқдаги босимни меъёрда ушлаб туриш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва аҳоли учун янада хавфсиз шароит яратишга хизмат қилади. Муҳими, бу ишлар қиш келгач муаммони бартараф этиш учун эмас, муаммо юзага келмаслиги учун олдиндан амалга оширилмоқда.
Газ тўлдириш шохобчаларида суюлтирилган газни ўз вақтида қабул қилиш, сақлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича амалий ишлар изчил йўлга қўйилган.
Эрта тонгдан иш бошлайдиган ходимлар хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда газ баллонларини қабул қилиш, текшириш ва аҳолига етказиб бериш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Жорий йил бошидан буён 13 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиларга тарқатилди. Бунда яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда: газ баллонлари техник синовдан ўтказилиб, хавфсизлиги таъминланганидан сўнг истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Чунки газ таъминотида асосий мезон фақат узлуксизлик эмас. Хавфсизлик — биринчи ўринда.
Қиш мавсумида энергия ресурсларига бўлган талаб кескин ошади. Шунинг учун газдан оқилона ва тежамкор фойдаланиш ҳам мавсумга тайёргарликнинг муҳим қисмидир. Бу борада аҳоли ўртасида мунтазам тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Хонадонларда энерготежамкор газ жиҳозларидан фойдаланиш, табиий газни исроф қилмаслик, газ ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш ва техник талабларга амал қилиш бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Йил бошидан буён вилоятда 19 мингта энерготежамкор газ жиҳози ўрнатилди. Бу рақамнинг ўзиёқ энергия тежамкорлиги масаласи энди оддий тарғибот эмас, балки амалий ҳаракатга айланаётганини кўрсатади.
Куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳақиқий самараси совуқ кунлар бошланганда билинади. Аммо унинг пойдевори айнан бугун қўйилади. Бугун янгиланаётган ҳар бир қувур, текширилаётган ҳар бир газ қурилмаси, синовдан ўтказилаётган ҳар бир баллон ва ўрнатилаётган ҳар бир энерготежамкор жиҳоз — эртанги кун хотиржамлигининг кафолатидир.

Шу маънода “Ҳудудгаз Бухоро” тизимида олиб борилаётган ишлар фақат техник кўрсаткичлар билан ўлчанмайди. Уларнинг ортида юз минглаб хонадонларнинг қишда иссиқ хонадонда, хотиржам ва хавфсиз ҳаёт кечириши турибди.
Давлат раҳбари томонидан аҳоли фаровонлигини таъминлаш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, мавсумий тайёргарликни кучайтириш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки мамлакат тараққиёти ҳақидаги катта мақсадлар, аввало, оддий хонадондаги хотиржамликдан бошланади.
Қишда хонадонда чироқ ёниши, хона иссиқ бўлиши, газ ўз вақтида етиб бориши — одамлар учун оддийдек туюлиши мумкин. Аммо ана шу оддийлик ортида минглаб мутахассисларнинг кечаю кундузги меҳнати, юзлаб техник тадбирлар ва катта масъулият мужассам. Шу боис бугунги тайёргарликнинг бош мақсади битта: қиш келганда муаммони излаш эмас, муаммонинг олдини олиш, совуқ келганда чора кўриш эмас, совуқдан аввал тайёр туриш керак бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири