Лойиҳа самара берди
Гулистон туманида давлат дастури доирасида амалга оширилган 7 миллиард сўмлик лойиҳа натижасида “Деҳқонобод” хўжаликлараро канали реконструкция қилиниб, 1 410 гектар суғориладиган ер майдонининг сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 25 та фермер хўжалиги ва тўрт маҳалладаги 210 та хонадон томорқаси доимимй равишда суғорилди.
Бу ҳақда Гулистон тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган “Бюджет ва маблағлар: ажратилган пул қаерга ва қандай сарфланди?” ҳамда “Иш ўринлари ва даромад: аҳоли фаровонлиги учун нималар қилинди?” мавзуларидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланганидек, умумий узунлиги 7 километр бўлган “Деҳқонобод” хўжаликлараро канали Гулистон туманининг “Уч қаҳрамон”, “Ўзбекистон” ва “Пахтаобод” ҳудудларидаги сув истеъмолчиларига хизмат кўрсатади. Канал орқали қишлоқ хўжалиги ерлари билан бир қаторда аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш ҳам йўлга қўйилган.

Маълум қилинишича, 1972 йилда қурилган мазкур канал узоқ йиллар давомида капитал таъмирланмагани сабабли бетон қопламалар емирилиб, сувнинг катта қисми ерга сингиб кетар, натижада сув етказиб бериш самарадорлиги пасайган эди. Муаммони бартараф этиш мақсадида давлат дастури асосида каналнинг 7 километр қисми тўлиқ бетонлаштирилди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳар йили қарийб 800 минг куб метр сувнинг фильтрация орқали йўқотилишига чек қўйилди. Бу эса сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш, суғориш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини янада юксалтириш учун мустаҳкам замин яратди.
Қурилиш-монтаж ишлари “Сув омбор қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан белгиланган муддатларда ва сифат талаблари асосида бажарилди.

Матбуот анжуманида журналистларга лойиҳани амалга ошириш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, эришилган иқтисодий ва ижтимоий самаралар, шунингдек, туманда суғориш инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Ғулом Примов, ЎзА