Кувайт ва Покистон ҳарбий ҳамкорлик бўйича битим имзолади
Исломободга ташрифи чоғида Кувайт мудофаа вазири Али Абдуллоҳ Ас-Сабоҳ покистонлик ҳамкасби Ҳавожа Муҳаммад Осиф билан учрашди. Томонлар ҳарбий ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи, сўнгги минтақавий ҳамда халқаро воқеалар, шунингдек минтақада хавфсизлик, барқарорликни сақлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишди.
Шундан сўнг мулозимлар ўзаро мудофаа ва ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладилар.
Кувайт Мудофаа вазирлиги баёнотида ушбу ҳужжат шерикликни ривожлантириш жараёнида муҳим босқичлиги таъкидланган. Зеро, мазкур ҳужжат ўзаро мувофиқликни кучайтиради, илғор тажриба алмашиш имконини яратади, икки давлат қуролли кучлари тайёргарлигини кучайтириб, уйғун фаолият учун пойдевор қўяди.
Ушбу келишувга Покистон, Саудия Арабистони ва Туркия ўзаро мудофаа тўғрисида Макка келишувини тузгандан кейин эришилди.
С.Раҳимов, ЎзА