Курсантларга ёзувчи ва шоирлар томонидан 100 дан ортиқ бадиий китоблар тақдим этилди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни академия бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов кириш сўзи билан очиб, ўз нутқида давлатимиз мустақиллигининг тарихий аҳамияти, истиқлол йилларида мамлакатимизда рўй берган улкан ўзгаришлар ҳамда ёш авлодни ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юксак маънавият руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирок этган тадбирда мустақилликнинг илк кунлари билан боғлиқ хотиралар ва таассуротлар эсга олинди.
Шунингдек, тадбирда Президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган, жумладан, Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, экология, қонун устуворлиги, маҳаллаларни ривожлантириш ва ташқи сиёсатни қамраб оладиган 7 та миллий дастур амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Учрашув давомида ёзувчи ва шоирлар томонидан академия ахборот-ресурс маркази фондига 100 дан ортиқ бадиий китоблар туҳфа қилинди. Ушбу адабиётлар курсант ва тингловчиларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, дунёқараши ҳамда маънавий тафаккурини бойитишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Г.Бобоева, ЎзА