Кристине Фенгер: “Профессионал таълим соҳасида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда”
Бугунги кунда профессионал таълимни замонавий меҳнат бозори талаблари асосида ривожлантириш, ёшларга сифатли касбий билим ва амалий кўникмалар бериш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўналишда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган “Ўзбекистон - Германия: 35 йиллик тараққиёт ва ҳамкорлик” лойиҳасининг меҳмони “iMOVE: Training - Made in Germany” ташаббуси раҳбари, Германия Профессионал таълим федерал институти (BIBB) вакили Кристине Фенгер Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўзбек халқини қутлар экан, икки мамлакат ўртасида профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорлик, ёшлар учун янги имкониятлар ва унинг истиқболларига урғу берди:
–Ташкилотимиз номидан Ўзбекистон халқини давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Бугунги кунда Ўзбекистон Германиянинг профессионал таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ташкилотлари ва мутахассислари эътиборини тобора кўпроқ жалб этяпти. Мамлакатнинг ёш ва салоҳиятли аҳолиси, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва модернизация жараёнлари, шунингдек, амалиётга йўналтирилган касбий таълимни ривожлантиришга бўлган юксак қизиқиш Германиянинг таълим муассасалари ва компаниялари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратмоқда.
“iMOVE” Германия Федерал таълим, оила, кексалар, хотин-қизлар ва ёшлар ишлари вазирлиги ташаббуси ҳисобланади. Яқинда мазкур вазирлик ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида профессионал таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича қўшма декларация имзолангани икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз Германиянинг профессионал таълим хизматларини кўрсатувчи ташкилотларини халқаро ҳамкорлар билан боғлаш, таълим муассасалари, компаниялар ва тегишли институтлар ўртасида узоқ муддатли ва барқарор шерикликни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Германиялик ҳамкорлар ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, замонавий таълим жиҳозлари билан таъминлаш, ўқитувчи ва тренерлар малакасини ошириш, сертификатлаш, рақамли таълим ечимларини жорий этиш, шунингдек, Германия меҳнат бозорида фаолият юритиш истагидаги малакали мутахассисларни тайёрлаш каби кенг йўналишларда тажриба ва хизматларни таклиф этади.
Ўзбекистон билан ҳамкорликда, айниқса, профессионал таълимни корхоналардаги амалий ўқув жараёнлари билан уйғунлаштириш, ёшларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда улар учун адолатли, пухта тайёрланган ва тартибли меҳнат мобиллиги механизмларини шакллантириш катта истиқболга эга, деб ҳисоблаймиз.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ўзаро ташрифлар, делегациялар алмашинуви ва илк Ўзбекистон-Германия профессионал таълим форуми икки давлат ўртасида ушбу йўналишда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун катта салоҳият мавжудлигини яққол намоён этди.
Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон халқига келгуси тараққиёт йўлида янги муваффақиятлар ва фаровонлик тилайман. Биз ҳамкорларимиз билан биргаликда ёшлар учун янги имкониятлар яратадиган, профессионал таълим тизимини мустаҳкамлайдиган ҳамда икки давлат иқтисодиётига хизмат қиладиган ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишдан мамнунмиз.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.