Коррупцияга қарши курашиш долзарб вазифа
Коррупцияга қарши курашда эришилган натижалар қанчалик муҳим бўлмасин, мавжуд камчиликларни тан олиш ва уларни бартараф этишга интилиш бундан ҳам муҳимдир. Чунки тизим ўзини ўзи танқид қила олсагина янгиланади, камчиликлар очиқ муҳокама этилсагина уларнинг ечими топилади.
Навоий вилоятида айнан ушбу тамойилга асосланган ҳолда иш олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, белгиланган вазифалар ижросида йўл қўйилган нуқсонлар ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилмоқда. Бу эса коррупцияга қарши курашнинг фақат ҳисобот учун эмас, амалий натижа учун хизмат қилаётганини кўрсатади. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштиришни кенгайтириш ва очиқликни таъминлаш бўйича муҳим қадамлар ташланди.
Реимбурсация дастури доирасида 203 та дорихона ва уларнинг 360 та шохобчаси билан шартномалар имзоланди. 2025 йилда ушбу тизим орқали 79 минг 281 нафар беморга 6 миллиард сўмлик бепул дори-дармон етказиб берилди. Вилоятдаги 185 та даволаш-профилактика муассасаси тўлиқ ДМЕД ягона ахборот тизимига уланди. Комплаенс назорати йўлга қўйилиб, мутахассислар махсус ўқув курсларида малакасини оширди. Шунингдек, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари хулосаларини қайта кўриб чиқиш натижасида 99,4 миллион сўм бюджет маблағи иқтисод қилинишига эришилди.
Рақамли ечимлар савдо соҳасида ҳам кенг жорий этилди. Вилоятдаги 10 та бозорда “Рақамли бозор” ва “Хавфсиз бозор” тизимлари ишга туширилиб, бозорлар, савдо комплекслари ҳамда йирик автотураргоҳларга 204 та кузатув камераси ўрнатилди. Бу орқали 5 мингдан зиёд савдо расталари қамраб олинди. Бундай чора-тадбирлар савдо жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, назоратни кучайтириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилгани ҳам тизимнинг муҳим жиҳатидир. Илгари берилган тавсиялар асосида интизомий жазо қўлланилди, айрим раҳбарлар эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳар бир раҳбар учун шахсий масъулият биринчи ўринда туришини яна бир бор тасдиқлайди.
Бироқ барча вазифалар тўлиқ бажарилди, деб айтишга асос йўқ. Конимех туманини коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилаётган дастур таҳлили айрим йўналишларда сусткашлик сақланиб қолаётганини кўрсатди. Ёшлар ўртасида танловларни ташкил этиш, исрофгарчиликка қарши тарғибот ишларини кучайтириш, раҳбарлар ротацияси, Face-Id тизимини жорий этиш ва айрим маълумотларни очиқ эълон қилиш каби вазифалар тўлиқ бажарилмагани қайд этилди. Бу камчиликлар юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди ва уларнинг ижросини кучайтириш вазифаси белгиланди.
Энг муҳими, бугун коррупцияга қарши кураш натижаларни санаш билан чекланилмаяпти. Ҳар бир камчилик таҳлил қилиняпти, ҳар бир топшириқ ижроси назоратга олиняпти, ҳар бир раҳбардан аниқ натижа талаб этилмоқда. Бу эса ҳалоллик муҳитини қарор топтиришга хизмат қилади.
Феруз Ҳасанов,
Навоий вилояти ҳокимлиги Комплаенс хизмати бошлиғи