Қардошлик қалбдан бошланади
Ҳақиқий дўстлик аввал халқлар қалбида пайдо бўлади, давлатлар эса уни ҳужжатлар, лойиҳалар ва аниқ ташаббуслар орқали мустаҳкамлайди
Ўзбекистон ва Озарбайжон — тарихий илдизлари, тили, маданияти ва маънавий қадриятлари муштарак бўлган қардош халқлар. Бугун икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда, таълим, илм-фан, маданият ва ёшлар алоқалари ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, икки халқ ўртасидаги яқинликни Ўзбекистонда яшаб, фаолият юритаётган озарбайжонликлар мисолида янада яққол кўриш мумкин.
Фарғона давлат университети Стратегик ривожланиш ва халқаро рейтинглар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси, тарих йўналиши бўйича таянч докторант Жовҳар Мусейибзада билан суҳбатда халқларимизнинг муштарак жиҳатлари, Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи, икки давлат ўртасидаги абадий дўстлик шартномасининг аҳамияти, ёшлар дипломатияси, таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида фикр алмашдик.
— Жовҳар Мусейибзада, сиз асли озарбайжонликсиз. Ўзбекистонда яшаб, ишлаб келяпсиз. Халқларимизнинг яқинлигини нималарда кўрасиз?
— Мен 1997 йилда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида туғилганман. Болалик чоғларимда оилам билан Тошкентга кўчиб келганмиз. Олий таълимнинг бакалавриат ва магистратура босқичларини хорижий давлатларда тамомлаганман. 2021 йилдан буён Фарғонада яшайман.
Ҳозирда Фарғона давлат университетида тарих йўналиши бўйича таянч докторант ва айни пайтда университетнинг Стратегик ривожланиш ва халқаро рейтинглар билан ишлаш бўлимида бош мутахассис сифатида фаолият олиб боряпман. Диссертация мавзусини танлашда мен эътиборни Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаларининг халқаро ташкилотлардаги обрў-нуфузи ҳамда ютуқларига қаратганман.
Ўзбекистонда яшаб, мен бир нарсани чуқур англадим: миллатлараро тотувлик ва инсонпарварлик бу ерда шунчаки сиёсий тушунча эмас, балки кундалик ҳаётнинг бир қисмидир. Шу муҳитда яшаётган инсон сифатида мен ҳам ушбу қадриятларни мустаҳкамлашга ўз ҳиссамни қўшишни бурч деб биламан.
Яқинлигимизни эса аввало, кундалик ҳаётда ҳис қиламан. Бизнинг яқинлигимиз тилимизда, ҳазил-мутойибамизда, меҳмондўстлигимизда, оилага бўлган муносабатимизда, ҳатто дастурхон атрофидаги суҳбатларимизда ҳам намоён бўлади.
Айниқса, тилимиздаги ўхшашлик мени ҳанузгача ҳайратга солади. Ўзбек тилида гаплашаётган одамни эшитиб, озарбайжонлик сифатида кўплаб сўзларни беихтиёр англаб кетаман. Назаримда, бундай табиий тил ва маданий яқинлик дунёда халқлар ўртасида кам учрайди.
Шунинг учун биз ўзимизни бахтли халқлар десак, муболаға бўлмайди. Чунки бизнинг яқинлигимиз олдин ҳам мавжуд бўлган, сиёсий муносабатлар эса ана шу табиий яқинликни янги мазмун билан бойитмоқда.
— Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифини сизнингча, озарбайжонлик ва ўзбекистонликлар қандай қабул қилди?
— Давлат раҳбарларининг учрашуви оммавий ахборот воситаларида намойиш этиладиган сиёсий воқеа, албатта. Аммо икки халқ учун унинг мазмуни бундан анча кенгроқ.
Озарбайжонлик учун Тошкент ёки Бухоро шунчаки географик номлар эмас. Бу номлар туркий ва ислом цивилизациясининг умумий тарихини эслатади. Ўзбекистонлик учун эса Боку, Ганжа, Шаки каби шаҳарлар ҳам бегона эмас. Бу яқинликни мен Ўзбекистонда яшаётган озарбайжонлик сифатида жуда кўп бора ҳис қилганман.
Айниқса, Президентларнинг Бухородаги қадимий обидаларни биргаликда зиёрат қилгани мен учун рамзий жиҳатдан жуда таъсирли.
Бу ташрифнинг энг муҳим жиҳати эса, менинг назаримда, унинг фақат рамзий эмас, амалий мазмунга эга эканидир. Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши, янги қўшма лойиҳаларнинг бошланиши, таълим, маданият, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги келишувлар дўстликнинг кундалик ҳаётга кириб боришини англатади.
Шунинг учун мен икки давлат раҳбарларининг учрашувини икки халқнинг бир-бирига янада яқинлашишига берилаётган катта тарихий имконият сифатида қабул қиламан.
— Нутқимизда «қардош халқлар» иборасини кўп ишлатамиз. Қардошлик ёшлар ҳаётида қандай кўринишда намоён бўляпти?
— Менимча, қардошликнинг энг яхши кўриниши — бу ёшларнинг бир-бирларини таниши.
Икки давлат ўртасидаги сиёсий алоқалар юқори даражада ривожланмоқда. Ҳукуматлар, парламентлар ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Бу жараённинг натижалари оддий фуқаро, айниқса, ёшлар ҳаётида ҳам сезилиши керак.
Мен ҳар доим бир нарсага ишонаман: инсон кўрган, эшитган ва бошидан кечирган нарсасини узоқ вақт эслаб қолади.
Масалан, катта авлод вакилларидан «менинг бир озарбайжонлик дўстим бўлган», «бир вақтлар катта стадионда озарбайжонлик хонанданинг жонли концертини кўрганман», деган хотираларни кўп эшитамиз. Бир қарашда оддий туюладиган бундай хотиралар аслида халқлар ўртасидаги кўприкни қуради.
Шу сабабли мен ёшлар учун қўшма лойиҳалар сонини ошириш тарафдориман. Ўзбекистонлик ва озарбайжонлик талаба-ёшлар бирга тарихий жойларни зиёрат қилиши, қўшма илмий тадқиқот олиб бориши, ёзги мактабларда қатнашиши, бир-бирининг оиласи ва кундалик ҳаёти билан танишиши, санъат ва спорт лойиҳаларида бир жамоа бўлиб иштирок этиши керак.
Масалан, Ўзбекистон ва Озарбайжон келгуси йили биргаликда футбол бўйича U20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши ва «Икки мамлакат — бир чемпионат» дастурининг амалга оширилиши айнан шундай имкониятлардан бири. Бундай тадбирлар ёшларимиз учун хотирага айланиши мумкин.
Мен ўзим ҳам имкон қадар ана шу жараённинг бир қисми бўлишга ҳаракат қиламан. Масалан, 2024 йилда Фарғона давлат университети томонидан Бокуда «Ўзбекистоннинг маданияти ва тарихига саёҳат» номли тадбир ташкил этилди. Унда Озарбайжон талабалари ва профессор-ўқитувчиларининг Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бўлган қизиқишини бевосита кўрдик, ҳатто ўзбек миллий таомларини ҳам намойиш этдик.
Шуни таъкидлашим жоизки, оддий одам учун дўстлик — бу унинг фарзандининг Озарбайжонда ўқиши, озарбайжонлик талабанинг Бухорони кўриши, икки давлат ёшларининг бирга спорт мусобақасида қатнашиши ёки озарбайжонлик оиланинг Ўзбекистондан меҳмон кутиб олиши.
— Фарғона давлат университетида фаолият олиб боряпсиз. Ўзбекистон ёшларининг дунёқараши, билимга интилиши ва имкониятларини қандай баҳолайсиз?
Ўзбекистон ёшларида энг катта куч — бу имкониятга бўлган ишончнинг тобора ортиб бораётгани. Янги Ўзбекистон ёшлари дунёни анча кенгроқ кўрмоқда. Улар хорижий университетлар, хорижий тиллар ва халқаро лойиҳалар ҳақида фаол фикр юритмоқда.
Мен университетда халқаро бўлим билан бевосита ишлаганим сабабли ёшларнинг халқаро майдонга чиқишга бўлган интилишини айниқса, яққол кўраман.
Ўзбекистон ёшларида халқаро имкониятлардан фойдаланиш истаги жуда кучли, деб ҳисоблайман. Менимча, Ўзбекистоннинг келажакдаги энг катта капиталларидан бири — билимга интилаётган ёш авлод бўлади.
— Сизда «бу халқ менга бегона эмас», деган туйғуни уйғотган қандайдир воқеа бўлганми?
— Ўзбекистонда деярли ҳар бир инсоннинг Озарбайжон, озарбайжонликлар ва озарбайжон маданияти ҳақида илиқ фикрда эканига гувоҳ бўламан.
Кимдир Бокуга борган, кимнингдир озарбайжонлик дўсти бор, кимдир озарбайжон мусиқасини яхши кўради, яна кимдир шунчаки Озарбайжонни «қардош юрт» деб билади.
Менда «бу халқ менга бегона эмас» деган туйғу табиий равишда шаклланган бўлиб, бирор бир воқеа билан изоҳлаш қийин бўлар эди. Мен бу ерда ўзимни бегона ҳис қилишимга сабаб бўладиган вазиятдан кўра, ўзимни яқин ҳис қилишимга сабаб бўладиган инсонларни кўпроқ учратдим.
Фарғонага келганимдан кейин бу туйғу янада кучайди. Фарғоналикларнинг бағрикенглиги, очиқ чеҳралилиги ва турли миллат вакилларига табиий ҳурмат билан муносабатда бўлиши мени доимо ҳайратлантиради.
Университетда ҳамкасбларимнинг менга «сиз озарбайжонлик экансиз», деб алоҳида масофа сақламасдан, аксинча, «сиз бизнинг одамсиз», дегандек муносабатда бўлишини кўп ҳис қилганман.
Бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланаётганини кўриб, мен буни айнан шу инсоний яқинликнинг давлатлараро муносабатлардаги ифодаси сифатида қабул қиламан.
Чунки ҳақиқий дўстлик аввал халқлар қалбида пайдо бўлади, давлатлар эса уни ҳужжатлар, лойиҳалар ва аниқ ташаббуслар орқали мустаҳкамлайди.
Мен учун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг энг чиройли жиҳати ҳам шунда: биз бир-биримизга яқин бўлишни энди ўрганаётган халқлар эмасмиз. Биз мавжуд яқинлигимизни янги авлодлар учун янада мазмунли ва мустаҳкам шаклга келтираётган халқлармиз.
Яна бир нарса мени доим ҳайратга солади — тилларимизнинг яқинлиги. Баъзан ўзбек тилида суҳбатлашаётганимда, «бу сўзнинг озарбайжончасини мен айнан шундай биламан-ку», деб ичимда ҳайрон қоламан. Гўё икки тил бир-биридан узоқлашмаган, балки тарих давомида турли йўллардан юриб, яна бир-бирини топиб келгандек.
Ўзбек тили ҳам жуда бой ва ўзига хос тил. Унда туркий тилларнинг умумий бойлиги билан бирга, Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳасида жойлашган кўп асрлик тарихининг излари ҳам мужассам. Шунинг учун менинг бу тилга ҳурматим чексиз.
Нигора Раҳмонова, ЎзА