Кореялик ўқувчилар “Лазги” музейида
Жанубий Корея давлатидан келган бир гуруҳ мактаб ўқувчилари Урганч шаҳридаги “Лазги” музейини томоша қилишди.
Меҳмонлар Хоразм Лазги санъати ва унинг бой тарихи билан яқиндан танишишди. Музей бўйлаб саёҳат давомида асрлар давомида маданиятимиз, Лазги куйи ва рақси қандай ўзгариб ривож топгани ҳақида қимматли маълумотлар олишди.

Бундай ташрифлар нафақат билим, балки дўстлик ва маданиятлараро алоқаларни ҳам мустаҳкамлайди.
– Ўзбекистонда гўзал, тарихий ва қизиқарли масканлар жуда кўп экан, – дейди кореялик ёш сайёҳ Ким Жун Вонг. – Мен рақс ва санъатга жуда қизиқаман. Ижод ва санъат аҳли учун бу маскан шунчаки музей эмас, балки “Лазги” рақс санъатининг тирик тарихидир. Мен бу рақсни ўрганмоқчиман. Менга, айниқса, “сурнай лазгиси” жуда ёқди.

Ташриф давомида меҳмонлар Хоразм воҳасининг бой тарихи, миллий қадриятлари билан ҳам яқиндан танишди. Айниқса, Лазги музейида халқимизнинг бебаҳо рақс санъати – Лазгининг тарихи, ривожланиш босқичлари, анъанавий куй ва турлари билан боғлиқ ноёб маълумотлар ҳамда экспонатлар катта қизиқиш уйғотди.

Замонавий технологиялар асосида яратилган кўргазмалар эса Лазги руҳини янада жонли ҳис қилиш имконини берди. Якунда Лазги шоу намойиш қилинди.
Кореялик ёшлар музейдан кўтаринки кайфият, ўзгача таассуротлар билан қайтди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири