Хавфсизлик — энг муҳим мезон
Газ — ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган қулай ва зарур энергия манбаларидан бири. Бироқ ундан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, уни аҳолига етказиб бериш жараёнида замонавий талабларга амал қилиш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб қолаверади. Айниқса, суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш, сақлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнларида ҳар бир ходимнинг масъулияти, малакаси ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қила олиши муҳим аҳамият касб этади.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун хавфсиз ва муносиб шароит яратиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини асрашга қаратилган изчил сиёсат бугун барча соҳаларда амалий ишлар билан уйғунлашмоқда. Бу борада газ таъминоти тизимида ҳам профилактика, ходимлар малакасини ошириш ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан газ тўлдириш шохобчаларида фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги, меҳнат хавфсизлиги ва иш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий ўқувлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Навбатдаги махсус-тактик ўқув машғулоти “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалига қарашли Ромитан туманидаги газ тўлдириш шохобчасида ўтказилди. Унда газ таъминоти филиали, Ромитан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотларнинг масъул вакиллари иштирок этишди.
Машғулотдан кўзланган асосий мақсад — шохобча ходимларининг фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан аниқлаш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда энг муҳими, инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат.

Ўқув машғулоти дастлаб иштирокчиларга фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби, махсус-тактик машқнинг мақсади ва вазифалари, шартли ҳолат юзага келганда ходимлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар ҳақида тушунтиришлар беришдан бошланди.
Мутахассисларга фавқулодда ҳолатларда саросимага тушмаслик, белгиланган алгоритм асосида ҳаракат қилиш, хавфли ҳудудни тезкор аниқлаш ва зарур хизматларни зудлик билан жалб этиш бўйича йўриқномалар берилди. Шундан сўнг ўқув машғулотининг энг масъулиятли қисми — объектда шартли фавқулодда вазият юзага келтирилди. Белгиланган сценарий асосида шартли равишда жабрланган ходимга ёрдам кўрсатиш, уни хавфли ҳудуддан олиб чиқиш ва қутқариш ишлари амалга оширилди. Ходимлар фавқулодда вазиятда бир-бири билан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, белгиланган вазифаларни амалий тарзда бажаришди.
Бу каби машқлар шунчаки назарий билимларни синовдан ўтказиш эмас. У реал хавф юзага келганида инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган бир неча дақиқада қандай қарор қабул қилиш кераклигини амалда синаб кўриш имконини беради.
Тадбир давомида газ тўлдириш шохобчаларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассисларга суюлтирилган газ баллонларини белгиланган тартибда ва хавфсиз тўлдириш, уларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, сақлаш ва ташиш жараёнларида белгиланган қоидаларга амал қилиш зарурлиги яна бир бор тушунтирилди.

Айниқса, объект ҳудудида ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай омилни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, электр жиҳозлари, технологик ускуналар ҳамда бошқа хавф манбаларини мунтазам назорат қилиб бориш зарурлиги таъкидланди. Зеро, хавфсизлик — бир кунлик ёки мавсумий вазифа эмас. У йилнинг ҳар бир кунида, ҳар бир иш жараёнида ҳар бир ходимнинг кундалик масъулияти билан таъминланади. Шу боис ўқув давомида масъулларга объектда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан бундай амалий ўқувларнинг мунтазам ташкил этилаётгани соҳада хавфсизлик маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Чунки аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб беришнинг ўзи кифоя эмас. Энг муҳими, бу жараён инсон ҳаёти ва саломатлигига зарар етказмайдиган даражада хавфсиз ташкил этилиши лозим.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири