Корея билан рақамли ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири Юн Хо-юнг бошчилигидаги делегация IT Park Uzbekistanга ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонларга Ўзбекистонда рақамли трансформация, электрон ҳукумат тизими, IT Park экотизими, IT хизматлари экспорти, стартаплар муҳити, инсон капитали салоҳияти ва сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тақдимот ўтказилди.
Делегацияга электрон давлат хизматларини жорий этиш босқичлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, рақамли ҳужжатлар тизими ва дата-марказлар инфратузилмаси бўйича маълумот берилди. Шунингдек, БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари изчил яхшиланиб бораётгани қайд этилди.
Шундан сўнг рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Юн Хо-юнг ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Корея ўртасида рақамли технологиялар соҳасида шаклланган мустаҳкам ҳамкорлик муносабатлари, айниқса электрон ҳукумат, киберхавфсизлик, R&D ва таълим соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Кореянинг етакчи IT компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва мамлакатимизни учинчи давлатлар бозорига чиқиш учун минтақавий IT хаб сифатида ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашувда Cyber University фаолияти, уни илмий-тадқиқот ва инновациялар марказига айлантириш режалари, шунингдек, сунъий интеллект, дата-марказлар ва ўйинлар индустрияси бўйича қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.
Якунда икки томон иштирокида Рақамли ҳукумат ҳамкорлик марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Қайд этилишича, мазкур марказ Кореянинг илғор тажрибасини ўрганиш, билим ва тажриба алмашиш ҳамда рақамли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА