“Ўзкимёсаноат” АЖ мутахассислари сунъий интеллект соҳасида малакасини оширди
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект саноат тармоқларида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, жараёнларни автоматлаштириш ҳамда инновацион ечимларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу йўналишда “Ўзкимёсаноат” АЖ мутахассислари Хитойнинг “Harbin Institute of Technology” (Shenzhen) университетида ташкил этилган “Artificial Intelligence Empowering Sustainable Development” халқаро ўқув дастурида иштирок этди.
Дастур давомида иштирокчилар сунъий интеллект технологиялари, AI-агентлар, рақамли трансформация ҳамда “Smart Manufacturing” соҳаларидаги замонавий ёндашувлар бўйича билим ва амалий кўникмаларини янада бойитди.

Шунингдек, ўқув дастури доирасида “BYD”, “Mindray”, “Dobot”, “BGI Group” ва “Fengnong Holdings” каби Хитойнинг етакчи технологик компанияларига амалий ташрифлар ташкил этилди. Унда ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, робототехника, катта маълумотлар таҳлили ҳамда сунъий интеллект асосидаги инновацион ечимларнинг амалдаги қўлланилиши билан яқиндан танишилди.

Жамият ахборот хизматига кўра, мазкур халқаро дастур “Ўзкимёсаноат” мутахассисларининг рақамли трансформация ва сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқариш ҳамда бошқарув жараёнларига татбиқ этиш бўйича тажрибасини янада бойитишда амалий ёрдам беради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА