Кўппартиявийлик тизимидаги парламентаризм: Ўзбекистон – Германия тажрибаси
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Сиёсий партиялар фракцияларининг қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назоратини амалга оширишдаги иштироки: Ўзбекистон — Германия тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда кўппартиявийлик тизими шароитида парламент фаолиятида сиёсий рақобат ва конструктив ҳамкорлик ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш механизмлари таҳлил қилинди, бу борада Германия тажрибаси кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда, сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар ва сиёсий институтлар ўртасидаги тажриба алмашинуви сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариляпти. Шунингдек, парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланмоқда.
Давра суҳбатида юртимизда парламентаризмни ривожлантириш, сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш йўналишида изчил ва кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани хусусида атрофлича сўз юритилди.

Ўз навбатида, Конрад Аденауэр жамғармаси Бош котиби М.Шпайх ўз маърузасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни катта эътибор билан кузатиб бораётганини ва уларни юксак баҳолашини таъкидлади. Шунингдек, жамғарманинг Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди.
Муҳокамалар доирасида иштирокчилар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, сиёсий партиялар ва фракциялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда тажриба алмашинувини изчил давом эттириш бўйича ўзаро фикр алмашди. Якунда қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назоратини амалга оширишни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
М.Комилова, ЎзА