Ўзбекистон–Беларусь: Ярим асрлик дўстликдан стратегик шериклик сари
Давлатимиз раҳбарининг Беларусь Республикасига кутилаётган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янги, юқори босқичга олиб чиқадиган муҳим тарихий воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Кўп йиллик дўстона алоқалар заминида шаклланган Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлиги бугунги кунда сиёсий ишонч, иқтисодий манфаатдорлик ва маданий-гуманитар яқинликнинг уйғун намунасига айланган. Ташриф олдидан икки томон ўртасида олиб борилган фаол тайёргарлик ишлари, жумладан эксперт муҳокамалари ва расмий учрашувлар ушбу олий даражадаги воқеанинг беқиёс аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Сиёсий мулоқот: ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳи
Ўзбекистон ва Беларусь раҳбарлари ўртасидаги мулоқот доимо самимийлик ва ўзаро ҳурмат асосида юритиб келинмоқда. Дипломатик муносабат 1993 йил ўрнатилгандан буён икки давлат ўртасида 70 дан ортиқ халқаро шартнома ва ҳужжат имзоланган. Сўнгги даврда томонлар ўртасидаги юқори даражали алоқалар изчил давом этмоқда. Жумладан, жорий йил 16 июнь куни Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь Бош вазири Александр Турчинни қабул қиларкан, бўлажак олий даражадаги ташрифга тайёргарлик масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, Беларуснинг Ўзбекистондаги элчиси Александр Огородников матбуот анжуманида ушбу ташрифга пухта тайёргарлик кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.
Икки мамлакат ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотлар, минтақавий тузилмалар доирасида бир-бирини мунтазам қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Иқтисодиёт ва савдо ҳамкорлиги барқарор ўсмоқда
Икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлиги сўнгги йилларда сезиларли суръатда ривожланмоқда. Расмий маълумотга кўра, товар айирбошлаш 2018 йилдаги 200 миллион доллардан 2025 йил охирига келиб қарийб 1 миллиард долларга етиб, беш баробардан зиёд ўсиш қайд этди. Жорий йил дастлабки ойларида ҳам бу тенденция давом этиб, ўзаро савдо айланмаси 32 фоиз ошди. Бу кўрсаткич давлат раҳбарлари томонидан белгиланган 1 миллиард долларлик маррага етиш учун ишончли замин яратмоқда.
Беларусь Ўзбекистонга гўшт-сут маҳсулотлари, ёғоч ва трактор олиб киради, Ўзбекистон ўз навбатида шерик мамлакатга мева-сабзавот, пахта ва енгил саноат маҳсулотлари етказиб бермоқда. Машинасозлик соҳасида Тошкентда Беларусь тракторларини йиғиш бўйича қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаси муваффақиятли намуна сифатида тилга олинмоқда. Фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида ҳам истиқболли лойиҳалар кўзда тутилган. Хусусан, доривор воситалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шунингдек сут, қандолатчилик ва болалар озиқ-овқати бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бундан ташқари, чорвачилик кластерлари ва илмий-ишлаб чиқариш марказлари барпо этиш режаси ҳам кўриб чиқиляпти.
Ҳозир Беларусда Ўзбекистон капитали иштирокидаги 250 дан кўп корхона, Ўзбекистонда эса Беларусь капитали иштирокидаги 110 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Сўнгги бир йилда Беларусь тузилмалари икки карра ошгани алоҳида эътирофга лойиқ. Бу борада Тошкент вилоятида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда Минскда ўтказиладиган Учинчи ҳудудлараро форум икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш учун муҳим платформа вазифасини ўтамоқда. Ушбу анжуманда диёримизнинг барча 14 ҳудуди вакиллари иштирок этиши кутиляпти.
Маданий-гуманитар алоқалар: дўстлик кўприги
Икки халқ ўртасидаги маънавий яқинлик таълим, маданият ва фан соҳаларидаги изчил ҳамкорликда акс этган. 2017 йилдан буён Беларусь олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони бир неча баробар ошган. Қўшма илмий лойиҳалар танлови мунтазам ўтказилиб, фундаментал тадқиқот соҳасида шериклик ривожланмоқда. Шунингдек, Беларусь киноси кунлари Ўзбекистонда, биринчи тиббий форум эса Минскда муваффақиятли ташкил этилиб, тадбирлар маданий-гуманитар алоқа янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Хуллас, тарих синовидан муваффақиятли ўтган муносабат бугунги кунда янги сифат босқичига қадам қўймоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу галги ташрифи нафақат икки давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий ишончнинг ёрқин ифодаси, балки ҳар икки халқ манфаатига хизмат қилувчи амалий натижанинг бошланишидир. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик барқарор ўсиши суръати, саноат ва аграр соҳалардаги қўшма лойиҳалар, шунингдек таълим, маданият йўналишидаги жонли алоқалар – буларнинг бари ўзаро шериклик мустаҳкам пойдеворга эгалигини кўрсатади. Ишонамизки, ушбу олий даражадаги ташриф натижасида эришиладиган келишувлар Ўзбекистон ва Беларусь халқлари фаровонлиги, минтақавий барқарорлик ва икки томонлама ҳамкорликни янги, янада юксак босқичга олиб чиқадиган муҳим, тарихий воқеа бўлади.
Гўзал Сатторова, ЎзА